Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

“Миллион”нинг янги концертида “+18” ҳазиллар сони камайганми?

“Миллион”нинг янги концертида “+18” ҳазиллар сони камайганми?

Ушбу мақолада журналист Хуршид Серобов "Миллион" қизиқчилар жамоасининг янги концерти хусусида мулоҳаза юритган. Муаллиф мақолада "Миллион" жамоаси сардори ва бошловчиси Даврон Кабулов концерт давомидаги чиқишларидан бирида “баъзи сўзларни бошқа маънода ишлатишга ўрганиб қолганмиз, бу одатдан воз кечайлик” деб томошабинларга ўша сўзлардан мисоллар айтганини, аммо дастур давомида Кабуловнинг жамоадошлари айни шу сўзлардан “томошабинни қитиқлаш”да фойдаланганини" таъкидлайди.

22-31 октябрда “Халқлар дўстлиги” санъат саройида “Миллион” жамоасининг концерт дастури бўлиб ўтди. “Миллион”чилар ижтимоий тармоқларда “бачкана ва белдан пастга ҳазиллари” учун доимо танқид нишонига олинади. Лекин 2 сеансда 10 кун намойиш этилган концерт дастурида ҳеч бир сеанс бўш жойсиз қолмаган. Мухлислар кассада соатлаб навбатда туриб чипта олишди. 20 сеанс мобайнида минимум 4000 кишидан 80 минг киши концертга тушган. Ушбу йилнинг энг кўп одам кирган концерти ҳам айнан шу концерт бўлса керак.

“Браво” жамоасининг (“Миллион” жамоасининг собиқ аъзолари) концертидан сўнг “Миллион” ўз анъанасига содиқ қолармикан, деган ўй билан концертни кузатдим.

Юмор орқали жамиятдаги долзарб муаммолар, инсонлар феъл-атворидаги нуқсонлар ҳажв қилинади. “Миллион” ушбу концертда сценарийни бошқача танлаган. Ҳар йилги дастурида аввал қисқа ҳазиллар, кейин театрлаштирилган саҳна кўриниши (бу микс тарзида тайёрланади, жамоа аъзолари турли фильмлардаги образлар, турли мамлакат одамлари образини талқин қилишади) намойиш этиларди.

Бу йилги дастурда эса нисбатан хилма-хилликка эришилган. Концерт бошида қисқа ҳазиллар намойиш этилди. Ёшлар билан боғлиқ ҳазиллар бор: ўсмирлик пайтларидан сатирик кўриниш, тунги клубдаги ёшлар, шунингдек, битта қисқа ҳазил орқали жамиятда ота-онанинг фарзандга нисбатан ишончсизлиги, 18 ёшга кирса ҳам уни ёш бола деб билиши оқибатида кўпгина ёшларда мустақил фикрнинг шаклланмаслиги кўрсатилди.

Яна бир кўриниш кредит ҳақида бўлиб, унда инновацион ғоя ва таклифлар билан келган мижозлар ва банк ходимлари юмор қилинган. Бунда кредит олиш мураккаблиги билан бирга баъзи мижозларнинг “куракда турмайдиган” ғоялари томошабинларда кулги уйғотди.

Кейинги саҳна кўринишида янги йил байрамини кутиб олаётган оила ҳаётидан ҳангомалар кўрсатилди. Ушбу кўриниш янги йилни кутиб олиш жараёни деб изоҳ берилган бўлса-да, ҳазил моҳиятида аниқ мақсад кўзга ташланмайди. Жамият учун актуал масалалар ҳазил остига бекитиб кетилган. Шундай ҳазиллардан бири “соқол” билан боғлиқ ҳазил. Милиционер янги йил нишонланаётган уйга кириб келади, у ердан ҳеч қандай “айб” тополмагач, отахон ва Қорбобонинг соқолига ишора қилиб, соқол қўйиш мумкин эмаслигига ишора қилади. Чол соқолига “кексалик” деб изоҳ берса, Қорбобо “тирикчилик” деб қўя қолади.

Кейинги саҳна кўринишлари: “Ҳокимнинг бир куни”, “уруш даври ҳақидаги ҳажвий кўриниш”, шунингдек, Болливуд, Голливуд ва ўзбек киноижодкорлари қиёсланган саҳна кўринишида ҳам жамият учун долзарб бўлган ижтимоий муаммолар, ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлган масалалар ҳажв қилинади. Бу ҳажвнинг кучи катта эмас, лекин қуйидаги мавзулар ҳазиллар орасига “қистириб” кетилган: нон қимматлашгани, ҳокимларнинг кўчага чиқиб халқ билан мулоқот қила бошлагани, йўлларнинг қазиб ташлангани, дарахтларнинг кесиб ташланаётганлиги, баъзи одамларнинг лаганбардор ва тилёғлама экани, автосалон билан боғлиқ муаммолар ва ҳоказо.

“Миллион” жамоаси концертда барибир “коса тагида нимкоса” бўлган сўзлар орқали кулги ясашга уринган нуқталар учрайди. Жамоа сардори ва бошловчиси Даврон Кабулов концерт давомидаги чиқишларидан бирида “баъзи сўзларни бошқа маънода ишлатишга ўрганиб қолганмиз, бу одатдан воз кечайлик” деб мисоллар келтирди. Аммо дастур давомида Кабуловнинг жамоадошлари айни шу сўзлардан “томошабинни қитиқлаш”да фойдаланди, масалан, “қилмоқ”, “олмоқ”, “хата”, “бермоқ”, “катта” ва бошқа сўзлар кулги уйғотувчи калит сўзлар вазифасини бажарди.

Яна бир томони шу каби сўзларни жамоанинг қиз вакиллари ишлатишди, нозик “прикол”ларни қиз бола тилидан эшитишни ҳазм қилиш мушкул. Мазмун ва ижрода “Миллион”чилар мазмун томондан оқсашган, ижро эса мукаммал.

Гарчи “Миллион”нинг услуби аския санъати дейилмаса-да, аскияга хос деталлар кўзга ташланади. Аския айтиш қанчалар мураккаб бўлса, уни тушуниш ҳам осон эмас. Чунки, аскиячи айтган аскияда нозик сўз ўйини қўлланилади. Сўз ўйинини тушуниш эса уни ўйлаб топишдек қийин. Сўз ўйинида уни ўйлаб топган одамнинг фикрлаш усулини қўллаш лозим бўлади. Шу боис аския пайтида кимдир кулади, кимдир гап нима тўғрисида бораётганини англай олмай гаранг бўлиб тураверади. Аския жанрининг бош мақсади, унинг моҳияти сўз ўйини воситасида кулги ҳосил қилишдир. “Миллион” жамоаси ишлатган сўз ўйинлари ҳам шундай. Ҳар галги концертдан фарқли ўлароқ “+18” ҳазиллар сони камайган.

“Миллион” ўзининг “анъана”сидан ўзиб кета олдими, йўқми, бунга холис баҳони томошабин беради. “Миллион”ни “маънавият душмани” деб айблаш бирёқлама қараш, холос: халқ шуни талаб қилмоқдами, таклиф ҳам шунга яраша бўлади.

Хуршид Серобов

Manba: turon24

Ушбу рукнда берилаётган мақолалар cайт қарашини ифодаламаслиги мумкин.

Киритилди: 15:08 05.11.2018. Ўқилди: 11510 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!