Буюк Британияда яшовчи 58 ёшли Люсинда Мэтуен-Кэмпбелл 2016 йили ошқозон-ичак йўлларини жарроҳлик йўли билан даволатиш мақсадида касалхонага ётганди. Тажрибали жарроҳ Энтони Диксон унга жинсий аъзосига имплантат ўрнатишни таклиф қилиб қолди. Аёл розилик билдирди. Бироқ жарроҳлик амалиёти жараёнида жарроҳ унинг тухумдонини ўзидан берухсат, бекитиқча тарзда кесиб олди.
— Жарроҳ кўзимга қараб туриб мени алдашига чидаб тура олмайман, — деганди ўшанда Мэтуен Кэмпбелл журналистларга. — Нимаймиш, менинг ёшимда тухумдоннинг умуман зарурати йўқмиш…
Афсуски, бу жарроҳлик амалиёти аёл учун жуда қимматга тушди. Фирибгар жарроҳнинг айби билан янги дард орттириб олди. Тухумдон кесиб олинган жойларидаги оғриққа сира бардош қилиб бўлмасди. Охири аёл жонидан тўйди. Кунларнинг бирида ўз жонига қасд қилди.
Қарангки, бу ишга қўл уришдан олдин эрига қўнғироқ қилиб, оғриқларни фақат ўлим тўхтата олишини айтган экан. Эри ҳам кейинчалик Мэтуен хонимни қанчалар тушунишини баён қилди. У айтиб ўтдики, жарроҳлик амалиёти доирасида тухумдони бекитиқча кесиб олингач, руҳиятига жиддий зиён етган. Мана шу нарса ҳам аёлни сўнгги қарорни қабул қилишга ундаган.
Ҳозирги пайтда Англия соғлиқни сақлаш хизмати мутахассислари Диксоннинг қилмишларини ўрганишга киришган. Унга жарроҳлик билан шуғулланиш вақтинча тақиқлаб қўйилган. Тез орада прокурорлар ҳам ҳаракатга келиб жиноий иш қўзғатишса ажаб эмас.
The Week