Навоий шаҳрилик тадбиркор А. Қодиров табиий газ ҳисоблагичини тўхтатиб қўйишнинг илгари учрамаган йўлини топиб, ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётган эди.
Аммо “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, унинг қинғир иши Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фош этилди. Оқибатда давлат манфаатларига 17 миллион 138 минг сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан зарар тўлиқ ундирилди. Фуқарога тегишли тартибда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида тезкор-қидирув ва суриштирув тадбирлари олиб борилиши натижасида 407 ҳолатда энергия ҳамда сув ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилиб, ҳуқуқбузарлардан давлат манфаатларига етказилган 224,9 миллион сўмлик зарар ундирилган.
Бу вилоятдаги мухбиримиз Темур Эшбоевга МИБ Навоий вилоят бошқармаси катта инспектори Феруза Маманова маълум қилди.
Бундан ташқари, 200 мингга яқин турар ва нотураржой бинолари хатловдан ўтказилганда, электр, газ, ичимлик ва иссиқ сув, солиқ идораларидан 25 миллиард 384 миллион сўм дебитор қарздорлик аниқланиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Manba: xs.uz