Бугун ҳар доимгидан-да шиддатлироқ баҳсларнинг гувоҳига айланамиз.
Дастлаб Тошкент вақти билан соат 17:00 да Дания Австралияга қарши майдонга чиқади. Мазкур ўйинда данияликлар ғалаба сари интилишлари тайин. Чунки бу ғалаба терма жамоа учун кейинги босқич эшикларини очади. Ўз навбатида Австралия ҳам ҳали умидини узгани йўқ. Францияга қарши ажойиб ўйин ўтказган яшил қитъа вакиллари Данияга ҳам осонликча таслим бўлмаслиги тайин.
Соат 20:00 старт оладиган Франция — Перу тўқнашуви ҳам муросасий кечади. Дидье Дешам шогирдлари ҳам худди Дания каби зафар қучиб, кейинги босқич масаласини муддатидан олдин ҳал қилишга уриниб кўришади.
Энг муросасиз ўйин кечқурун соат 23:00 да бошланади. Ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошқарадиган мазкур ўйинда Хорватия ва Аргентина терма жамоалари ўзаро майдонга тушишади.
Хорватияда айни дамда 3 очко бор ва Европа қитъаси вакиллари Аргентинага қарши ўйинда ҳеч бўлмаганда дурангга ҳаракат қилишади. Энг қизиғи, Аргентинани дуранг ҳам қаноатлантирмайди. Чунки Исландияга қарши ўйинда дурангга имзо чеккан Америка қитъаси вакиллари бу сафар ғалаба қозонишга мажбур. Бордию дуранг натижа қайд этилгудек бўлса, Мессининг жамоадошлари қийин вазиятда қолишади. Боиси Нигерия — Исландия ўйинида зафар қучган жамоа иккинчи ўринга кўтарилади. Охирги турда Хорватия Исландия билан, Аргентина эса Нигерия билан ўйнайди. Агар бугун Аргентина енгилиб, Исландия Нигерияни енга олса, охирги турда Исландия Хорватия билан дуранг қайд этса ҳам кейинги босқичга чиқади. Аргентина эса учинчи ўринда қолиб кетади. Хуллас, бугун Аргентинани фақат ва фақат ғалаба қаноатлантиради, хорватлар эса мағлубиятга учрашни исташмайди. Демак, шиддатли ўйин гувоҳи бўламиз. Кўрамиз, бугун Мессининг жаҳон чемпионати миссияси қай томонга ўзгараркин?