Ушбу сериал тақдимоти атрофидаги тафсилотлар "ҳовури" ҳали босилгани йўқ. Бу ўринда "очко" олиш, "менинг улушим катта бўлди, сериалнинг дунёга келишига мен сабабчи бўлдим" деган қаҳрамонлар кўпайиб кетди.
Ҳатто Комил Алламжонов ҳам камтарингина бу "урҳо-ур"ларга қўшилди. Негаки, ташаббус Президентдан чиққан эди. Лекин сизга ҳавола қиладиганимиз матнда кинонинг дунёга келишида асосий манба бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин бўлган асарнинг "хамиртуриши" — сценарийси ҳақида гап боради.
Матн муаллифига кўра, бу ҳақда унга ҳеч ким ҳеч нарса демаган. У ёзган иш турк ноширлари томонидан китоб ҳолида нашр қилинган. Лекин бизникилар жим.
Аслида сериал сценарийси кимга тегишли, ҳақиқий меҳнатни қилган одам бир четда қолиб кетмаяптими? Бу истиҳолали вазиятга масъуллар ойдинлик киритишса, яхши бўларди...
“Мендурман Жалолиддин” телесериалининг биринчи қисми тақдимоти бўлиб ўтгандан сўнг менга айни шу сериал борасида қўнғироқлар, телеграмм каналларида сўровлар, турли ижтимоий тармоқларнинг мурожаатлари кўпайди. Бир-икки ой олдин ушбу телесериал сценарийси муаллифи мен эканлигим ҳақида ҳам расмий, ҳам норасмий ахборот воситаларида хабарлар тарқалганди.
Сценарий, воқеалар, тарихийлик, бадиий тўқима билан турли саволлар билан мурожаатлар бўлди, биринчи қисм тақдимотидан сўнг эса сериал муаллифлигини менга нисбат бериш янада кучайди. Ушбу сериал ҳақида ўзимда аниқ маълумот бўлмагани учун бирор мурожаат ёки саволга жавоб қилолганим йўқ. Чунки бунга ўзимнинг қайси даражада ҳақли ёхуд маънавий дахлдор эканим ўзим учун ҳам аниқ эмас. Шу сабабли мен сериал ҳақидаги барча мурожаатларга шу изоҳда бира тўла жавоб беришни мақсад қилдим.
Давлат раҳбари томонидан Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм олиш ташаббуси кўтарилиб, бу фильмга продюссерлик қилиш “Мендурман Жалолиддин” қўшиғи ижрочиси, продюссери Озодбек Назарбековга юклатилганидан, ўйлайманки, ҳамманинг хабари бор. Айни шу топшириқдан келиб чиқиб, “Ozbekkino” миллий агентлиги О. Назарбеков билан бирга бир нечта (билганим еттита, билмаганларим ҳам бўлса керак) сценарий ёздирилди. Аммо бу сценарийларнинг бирортаси “Ozbekkino” Бадиий Кенгашидан ўтмади. Оқибатда агентлик раҳбарлари Ф.Зокиров ва Ш. Ризаев продюссер О.Назарбеков билан келишган ҳолда 2018 йил бошида сценарий ёзишни менга топширишди.
Аввалдан бу саркарда ҳақида роман ёзиш учун материал йиғганларимдан келиб чиқиб, қўшимча ўрганиб, 2018 йил ёз бошида “Жалолиддин Мангуберди” номли сценарий ёзиб бердим. Сценарий Бадиий Кенгашдан ўтди. Кенгаш баённомасида ҳам бу ўз аксини топган.
Шу билан фильмни ишлаб чиқариш бошланди. Ишлаб чиқариш учун “Best organaizer” МЧЖга дастлабки харажатлар учун маблағ ҳам ташланди (суммаси менга номаълум). Шундан сўнг “Ozbekkino” раҳбарияти ҳам, продюссер ҳам бу фильмни қайси режиссёр олади, деган саволга жавоб топиша олмади. Турли режиссёрлар муҳокама қилинди. Аммо ҳали бу тарздаги кенг кўламли тарихий фильм олинмагани учун саҳналаштирувчи режиссёр борасида бир тўхтамга келинмади.
Шу ҳолатдан келиб чиқиб, четдан ҳам режиссёр излана бошланди. Бу борада туркияликлар билан алоқа қилинди. Туркия маданият вазирлиги бу борада ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Ш. Ризаев ва О. Назарбеков шу масалада Туркияга боришди. Ўша пайти “Эртўғрул” сериали билан анча танилиб қолган Маҳмуд Бўздағ номи Ўзбекистонда машҳур бўлгани сабабли туркияликлар билан шу режиссёр масаласида тўхталинди.
М. Бўздағ Ўзбекистонга келди. Ўзаро фикр алмашинувлардан сўнг М. Бўздағ ушбу фильмга режиссёрлик қиладиган бўлди. Аммо Бўздағ сериаллар режиссёри сифатида танилгани туфайли саркарда ҳақида бадиий фильм эмас, сериал олиш таклифини билдирди. Бу таклиф О. Назарбековга маъқул келди.
Мен ёзган сценарий Озодбек Назарбеков илтимоси билан туркчага таржима қилинди, Бўздағга юборилди. Шундай қилиб, сериал борасида ишлар бошланди. Менинг сериал ҳақида билганларим шу ергача. Бундан бу ёғидан бехабарман.
Тўғриси, гарчи, О.Назарбековнинг ёрдамчилари, мен сценарий тақдири билан қизиққанимда, ҳар гал “Сизнинг сценарингиз асосида кенгайтирилган сериал олинаяпти” дейишган бўлса-да, менга бу борада ҳеч ким расман мурожаат қилган эмас.
Ваҳоланки, “Ozbekkino” норматив ҳужжатларига кўра, фильм ишлаб чиқаришга тушиши билан даставвал муаллиф билан шартнома тузилади ва кейин бошқа ҳаракатлар бошланади. Мен билан эса шу пайтгача сценарий муаллифи сифатида ҳатто шартнома ҳам тузилган эмас.
Айни сценарий борасида менга буюртма қилиб ёздирган ва шу сценарий асосида дастлабки ҳаракатлар бошлаган “Ozbekkino” раҳбарияти ҳам менга аниқ ва асосли жавоб айтган эмас. Бадиий Кенгашдан ўтган, фильм учун асос бўлган сценарий муаллифига нисбатан бу хил муносабатда бўлиш муаллифлик ҳуқуқларини менсимаслик, ҳатто беҳурматлик юз берган бўлса ҳам, буюк аждодимиз Жалолиддин Мангуберди ҳурмати учун мен бу борада, “сувни кўрмай, этик ечмаслик” тарафдори бўлиб келдим.
Шундан келиб чиқиб, мен мазкур ( “Жалолиддин Мангуберди” бўлиши керак эди. Мен шундай ном берганман. Сериалнинг ҳозирги номига менинг алоқам йўқ) телесериал муаллифлиги деярли барча ахборот воситаларида менга нисбат берилгани учун бевосита ёки билвосита қилинган саволларга, ижтимоий тармоқдаги баъзан беҳурматларча ўринли, ўринсиз мурожаатларга, мазахомуз изоҳларга ўзим билмаганим учун, жавоб беролмайман, бу масъулиятни бўйнимга ололмайман.
Хуллас, масала шундаки, мен айни сериал муаллифиманми, йўқми, бехабарман. Сериал ишлаб чиқарувчилари юқорида келтирган ҳолатлардан бошқа бу борада менга мурожаат қилишмаган. Мени муаллиф сифатида қайд этишаётган ва келтиришаётган, шу баробарида менинг шаънимга ҳам ҳар хил муносабатлар қилаётган турли ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар муаллиф, умуман, сериал борасида асоссиз гаплар, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни, мавжуд ахборот олиш, тарқатиш қонунига амал қилишларини тавсия қиламан.
Агентликдан олган маълумотларимга кўра, шу нарса маълумки, кейинги ҳаракатларда сериал давлат маблағига эмас, ҳомийлар ёрдамида олинадиган бўлган. Мавжуд қонунларга кўра, хусусий сутдиялар ишлаб чиқарадиган фильмлар тадбиркорлик саналади, бу хил ишлаб чиқаришга, гарчи кино сиёсатига масъул давлат муассаси бўлса ҳам, “Ozbekkino” миллий агентлиги, мафкуравий томонидан бошқа жиҳатларига аралашишига йўл қўйилмайди.
Шундан келиб чиқиб, сериал борасида маълумотларни агентликдан ҳам, мендан ҳам эмас, сериал ишлаб чиқаришга бевосита масъул бўлган “Best organaizer” МЧЖдан олиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Жалолиддин Мангуберди бошқа барча халқлар учун, жумладан, биздан бошқа туркий халқлар учун ҳам Чингиз босқинига қарши курашган, уни бир неча бор мағлуб қилган моҳир саркарда, Хоразмшоҳлар салтанатини тиклашга, сақлаб қолишга уринган султон, холос. Биз ўзбеклар учун эса у аввало миллий қаҳрамон. Миллий қаҳрамон бўлишнинг ўзига хос юки, масъулияти, шон-шарафи бор. Миллий қаҳрамон образи миллат ва халқнинг юрт, миллат ҳақидаги қадриятларини, фазилатини, умуман, бугун ўзбек миллати суяниб турадиган устунларни ўзида тимсоллаштиради, миллатда ғурур ва ифтихор, ватан, миллат туйғусини пайдо қилади, уни тарихий хотира билан тўйинтиради, миллий руҳни жипслаштиради. Шундай экан, “Мендурман Жалолиддин” сериалига ҳам ана шу ҳолат ва масъулиятдан келиб чиқиб, фикр билдирган, мулоҳаза қилингани маъқул деб ҳисоблайман.
Бир нарсани унутмайлик, Жалолиддин Мангуберди, муаллиф ким бўлишидан қатъи назар, у ҳаммамиздан улуғ, чунки у ўзида бутун бошли халқ қуввати ва қудратини, шон-шавкатини, шарафини, ўзлигини мужассам қилади. Шу талабга жавоб берган ҳар қандай ташаббус, сценарий, фильм ҳурматга, эҳтиромга сазовордир.
P/S: Мен ёзган сценарий туркиялик ноширларнинг таклифи билан яқинда Туркияда турк тилида алоҳида китоб ҳолида чоп қилинди.
Назар Эшонқул