Бугун 28 август, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Меҳнат муҳофазасининг долзарб масалалари

Меҳнат муҳофазасининг долзарб масалалари

Меҳнат муҳофазаси – бу ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва саломатлигини сақлашга қаратилган ижтимоий-ҳуқуқий, ташкилкий, техник ва гигиеник чоралар мажмуасидир. Ўзбекистон Республикасида бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, унинг асосий тамойиллари Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Президент фармон ва қарорларида белгилаб қўйилган. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз нутқида: “Инсон қадри, унинг ҳаёти ва саломатлиги биз учун ҳамиша биринчи ўринда туради. Ҳар бир иш жойида хавфсизлик чоралари энг асосий талаб бўлмоғи лозим.” – дея таъкидлаб келмоқда.

Ушбу фикрлар олий таълим муассасалари фаолиятига ҳам бевосита дахлдор. Чунки таълим сифатини ошириш, ёшлар саломатлигини муҳофаза қилиш — келажак тараққиётини кафолатлайди.

Олий таълим муассасалари, хусусан, Тошкент давлат юридик университетида ҳам меҳнат муҳофазаси нафақат ходимлар, балки талабалар учун ҳам долзарб ҳисобланади. Чунки университетда ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ишлари, кутубхонадаги фаолият хавфсизлик талабларига қатъий амал қилинишига тақозо этади.

Бугунги кунда меҳнат муҳофазасининг асосий масалалари қуйидагилардан иборат:

  • Хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш — иш жойларида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ёнғин хавфсизлиги чораларини кўриш;

  • Соғлиқни сақлаш ва гигиена — ходимларнинг меҳнат қобилиятини сақлаш учун санитария-гигиена талабларига риоя этиш;

  • Ўқув ва ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизлик — тажриба-синов ишлари, кутубхона ва ахборот-ресурс марказларидан фойдаланишда хавфсизлик;

  • Психологик муҳитни соғломлаштириш — жамоада соғлом муҳит яратиш, стресс ва зўриқишларнинг олдини олиш;

  • Ҳуқуқий маданиятни ошириш — талабалар ва ходимларга меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазаси бўйича билим бериш.

Тошкент давлат юридик университети – юртимизда юридик кадрлар тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти сифатида меҳнат муҳофазаси масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Университетда иш берувчи ҳамда Касаба уюшмаси ўртасида “Жамоа шартномаси” ҳамда бир нечта меҳнатни муҳофаза қилишга доир ички ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Жамоа шартномасининг 8-боби ҳам айнан “Меҳнатни муҳофаза қилиш” деб номлангани бежиз эмас. Мазкур бобга кўра:

Иш берувчи:

  • Ходимларни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда суғурта қилади;

  • Рўйхати келтирилган ходимларни бепул махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлайди;

  • Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини таъминлайди ва уларнинг билимларини текшириб туради;

  • Рўйхатда келтирилган ходимларни дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилади;

  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тадбирларни амалга оширади.

Касаба уюшмаси қўмитаси эса:

  • Иш жойида бетоб бўлиб қолган ходимларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга кўмаклашади;

  • Иш берувчига ходимларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказишда ёрдам беради;

  • Ходимлар учун умумий овқатланиш жойларида яратилган шарт-шароитлар устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

  • Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан турли спорт мусобақаларини ташкил этади;

  • Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясига оғишмай риоя этиши белгиланган.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда университетда ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилган бўлиб, ишхоналарида ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари, фавқулодда чиқиш йўллари мавжуд; Талабалар саломатлиги учун тиббиёт пункти фаолият кўрсатади, мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилади. Шунингдек, университет ходимларининг саломатликларини тиклаш учун университет Касаба уюшмаси ҳамда пойтахтимизда жойлашган “Clinic Pro” хусусий клиникаси билан ўзаро шартнома тузилган бўлиб, бунда ҳар ойда 20-30 нафар ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб келинмоқда. Ўқув жараёнида хавфсизлик – айниқса компютер синфларида, кутубхона ва спорт мажмуасида техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинади. Психологик хизмат йўлга қўйилган бўлиб, талабалар ва ўқитувчиларга руҳий кўмак кўрсатилади. Ҳуқуқий тарғибот – “Меҳнат муҳофазаси”, “Меҳнат ҳуқуқи” фанлари доирасида талабалар ушбу йўналишда чуқур билим оладилар.

ТДЮУ мисолида кўриш мумкинки, меҳнат муҳофазаси нафақат ишлаб чиқариш корхоналарида, балки илмий ва таълим муассасаларида ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди. Меҳнат муҳофазаси — бу жамият тараққиётининг ажралмас қисми. Олий таълим муассасаларида хавфсиз меҳнат ва таълим шароитларини яратиш нафақат ходимлар, балки талабалар учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Демак, меҳнат муҳофазасининг долзарб масалаларига эътибор қаратиш — ҳар бир инсоннинг ҳаёти, саломатлиги ва таълим сифати учун замин яратади. ТДЮУ бу борада ўз тажрибаси билан бошқа олий таълим муассасаларига ҳам ўрнак бўлиши мумкин.

Шоҳзоджон Отамуродов,
Тошкент давлат юридик университети тьютори

Киритилди: 17:11 25.08.2025. Ўқилди: 494 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!