Хитойнинг Марказий Осиё давлатларида ҳеч қандай ҳарбий базаси йўқ. ТАССнинг хабар беришича, бу ҳақда бугунги брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь Тожикистонда Хитой томонидан база қурилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ бераётиб айтиб ўтди.
“Сизга ишонч билан айта оламанки, Хитойнинг Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий базаси йўқ”, – деди у.
Пайшанба куни “Рейтер” агентлиги Тожикистон парламенти вакилига таяниб Душанбе ва Пекин Афғонистон билан чегарада база қуриш бўйича келишувга эришганини хабар қилди. Айтилишича, база Тожикистон ҳудудида – Афғонистоннинг Бадахшон вилояти ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном тумани билан чегарадош Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Помир тоғларида жойлашади.
“Блумберг” агентлигига кўра, база қурилиши Хитойнинг Жамоат хавфсизлиги вазирлиги томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа қиймати 9,4 миллион доллар деб баҳоланмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, база Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ўтказилади.