7 июль куни Тошкент шаҳаридаги “Whyndham Ташкент" меҳмонхонасида “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Марказий Осиё олий таълим хаби сифатида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ЮНEСКО, Британия Кенгаши ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ЮНEСКОнинг Бангкокдаги минтақавий офиси директори Либинг Ванг ҳамда Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори Денис Вeддингхам очиб бердилар.
Конференция иштирокчилари томонидан глобаллашув шароитида олий таълим малакаларини тан олишнинг халқаро механизмлари, Ўзбекистонда олий таълим трансформацияси масалалари муҳокама қилинди. Муваффақиятли трансмиллий таълим хабларини шакллантириш бўйича фикр алмашиш жараёнида Яқин Шарқ ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Талабалар мобиллиги учун халқаро олий таълим тармоғи, 21 асрда Марказий Осиёдаги университетларнинг роли ва масъулияти, глобал муаммолар даврида университетнинг ривожланиш стратегияси: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари каби мавзулар ҳам анжуман кун тартибидан ўрин олди.
Анжуман Марказий Осиё давлатларида олий таълимни халқаролаштириш, таълим сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш, минтақа давлатларида олий таълим трансформацияси, дуал таълимни йўлга қўйиш, халқаро рейтинглар каби мавзуларга бағишланди.
Конференцияда умумий ҳисобда тахминан 60 нафар хорижий ва маҳаллий иштирокчилар, жумладан 20 дан ортиқ давлатдан етакчи олий таълим муассасаларининг ректорлари, олий таълим бўйича таниқли экспертлар ва йирик халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
Иброҳим Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик:
– Глобаллашув даври биздан олий таълим тизимини қуриш учун тубдан янги ёндашувларни талаб қилади. Жаҳон таълим маконида аниқ ўрин эгаллаш учун Марказий Осиё мамлакатларининг миллий таълим тизимлари дунёда рўй бераётган ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнларига мослашиши муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда таълим сифати ва олий таълимга қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йил ичида 100 дан ортиқ янги университетлар ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги университетларнинг умумий сони 2016 йилдаги 77 билан таққослаганда 210 кўрсаткичга етди. Ўзбекистонда олий таълимга қабул қилиш даражаси 2016 йилга нисбатан тўрт баробар ошди ва жорий ўқув йилида 39 фоизга етди.
Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистонда атиги 7 та хорижий университетлар фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда 30 тага етди.
ЮНEСКОнинг Бангкокдаги минтақавий офиси директори Либинг Ванг:
– Бугунги кунда олий таълимнинг инклюзивлигини ривожлантириш муҳимдир. Совид пандемияси барқарор ривожланишда таълимнинг роли қанчалик муҳимлигини яна бир бор намоён этди. Олий таълим қашшоқлик, гендер тенгсизлиги каби муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, университетлар жамият фаровонлигида фаол иштирок этади.
Марказий Осиё тарихий ва маданий мерос масканидир. Мазкур ҳудуднинг олий таълим марказига айланиши жаҳон ҳамжамияти ўртасида билим ва тажриба алмашишга хизмат қилишига ишонаман. Марказий Осиё олий таълим тизимига энг яхши таълим амалиётларини татбиқ этиш, тажриба алмашинувини кенгайтириш зарур.
Denise Waddingham Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори:
– Британия кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйган, хусусан университетларни бошқариш, таълим сифатини таъминлаш ва инклюзия. Шунингдек, Ўзбекистонда трансмиллий таълимни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир.
Британия Кенгаши «Change Academy» лойиҳаси доирасида вазирлик ва Буюк Британиянинг «Advance HE» ташкилоти билан бир неча йилдан бери таълим сифатига қаратилган ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида фаолият юритувчи аёл тадқиқотчилари учун илк бор «Women in STEM» лойиҳаси йўлга қўйилди.
Жансеит Туимебаев, Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети ректори:
– Қозоғистон университетларни халқаролаштириш стратегиясини амалга оширмоқда, бунда глобал таълим маконига интеграция маҳаллий олий таълим тизимининг рақобатбардошлигини оширади ва малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширади.
Бизда халқаро университетлар ва хорижий университетларнинг филиаллари мавжуд. Қозоғистон Миллий аграр университети негизида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг филиали очилмоқда.
Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги ҳамда университетлари Марказий Осиёнинг ягона олий таълим маконини шакллантириш доирасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Марказий Осиё доирасида профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг амалиёт ўташи, қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиши режалаштирилган. Академик ва маданий тажриба алмашиш, мақсадида Университетлар иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари талабалари иттифоқини тузиш вазифаси қўйилган.
Марказий Осиё олий таълим хабига айланиши шарт ва лозим. Марказий Осиё университетлари мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, миллий манфаатлар ва ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни сақлаши зарур, биз халқларимиз манфаати ва фаровонлиги йўлида олға интилиш учун бирга бўлишимиз ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Кристофер Хилл, Дубайдаги Британия университети профессори:
– Трансмиллий ва халқаро олий таълимнинг ривожланиши узоқ ва мураккаб жараён бўлиб, масалани бир зумда ҳал этиб бўлмайди.
Таълим хабини яратишда мақсадни аниқ белгилаб олиш муҳим. Мақсад --барқарор ва ҳамкорликка асосланган сифатли таълим бўлиши керак.
Ҳозирда Марказий Осиё давлатлари олий таълим ривожи учун қулай муҳит яратишга интилмоқда, бироқ тизимни назорат қилиш, тартиб-қоидаларга амал қилинишини йўлга қўйиш ўта муҳим. Бу борада бошқарувнинг турли шакллари мавжуд, аммо олий таълим тизимидаги ҳамкорлар ишончли ва миллат учун фойдали бўлишига аҳамият қаратмоқ даркор.