Болалигимиздан мандаринни Янги йил байрами рамзларидан бири сифатида биламиз. Байрам дастурхонини усиз тасаввур эта олмаймиз.
Мандарин инсон кайфиятини кўтариши фанда ҳам исботланган. Унинг муаттар ҳиди ва ширин-нордон таъми ҳеч кимни бееътибор қолдирмайди. Мандарин шунчаки ширин мева эмас, организмимиз учун тенги топилмас витаминлар манбаи ҳамдир.
Мандарин В1, В2, ВЗ, В5, В6, В9, Р, РР, К, Е ва бета-каротинга бой. Мандарин эти клетчатка, фитотсид, кислоталар, эфир мойи ва калсий, магний, темир, фосфор ва калийни ўзида мужассамлаштирган. Бошқа цитрус мевалар каби мандарин кўп миқдорда С витаминига эга. Организмимиз эса бу витаминни мустақил синтез қила олади. С витамини иммун тизимига таъсир кўрсатади ва унга вирусли инфекцияларга қарши курашишда ёрдам беради. Шунингдек, у кучли антиоксидант ҳисобланади. С витамини танамизга коллаген толаларини шакллантиришда ҳам зарурдир. У тана вазнини камайтириш, модда алмашинувини яхшилаш, ёғларни ўзлаштиришга ёрдам беради.
Лютеин — мандаринда мавжуд бўлган яна бир муҳим элемент. У кўриш қобилиятимизни зарарли нурлар таъсиридан ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Шунингдек, мандарин таркибида жуда камёб элемент — холин моддаси мавжуд бўлиб, у хотирани яхшилайди, яллиғланиш, юрак-қон-томир касалликлари ривожланиши хавфини камайтиради.
Аммо шунда фойдали жиҳатлари билан бир қаторда бу меварнинг зарарли томонлари ҳам борлигини унутмайлик
Мандаринни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш аллергия, семизлик, қандли диабет ёки ошқозон-ичак касалликларидан қийналаётган беморлар учун хавфли.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мандарин таркибида фруктоза жуда кўп. Ушбу мева тез сўриладиган оддий углеводларнинг кўплиги бўйича етакчи саналади. Шунга қарамай, цитрус мева ўзининг хўшбўй ҳиди билан нерв тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, кайфиятни кўтаради.
Бироқ таркибида қанд миқдори кўплиги боис ортиқча вазндан қийналаётган одамлар мандарин истеъмолини чеклаши ёки буткул воз кечиши лозим. Улар кунига иккитагача мандарин ейиши мумкин. Бу чеклов болаларга ҳам тааллуқли.
Аллергикларда цитрус меваларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш эшакеми, аллергик тумов ёки бўғилишга сабаб бўлади. Ошқозон-ичак йўли касалликларидан қийналаётганларнинг аҳволи ёмонлашиши мумкин.