Ижтимоий тармоқ саҳифаларида пойтахт умумтаълим мактабларида синф фонди ва бошқа тадбирлар учун ота-оналардан пул йиғими амалга оширилаётганлиги ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ҳурматли ота-оналар!
Қадрли педагоглар!
❇️Бугун мамлакатимиз мактабгача ва мактаб таълими тизимида кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сиз соҳани ривожлантириш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ростдан кўмаклашмоқчимисиз?! Биз бундан жуда хурсанд бўламиз. Фақат Сизлардан илтимос жойлардаги ҳолат юзасидан аниқ далил ва исботлари билан мурожаат қилишингиз сўралади, холос. Бу каби исботсиз маълумот соҳа ходимларининг фаолиятига халақит қилиб, ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймоқда.
Ҳар бир таълим муассасаси ўз маъмуриятига эга, ҳар бир синфнинг раҳбари, мактаб директорининг ўқув ишлари, маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари фаолият кўрсатади. Шундай экан, ҳеч бир асосга эга бўлмаган ёки сизни ўйлантираётган масала юзасидан аввало ўз фарзандингиз таълим олаётган даргоҳ мутасаддиларига мурожаат қилсангиз олам гулистон. Кейинги пайтларда юқоридаги каби асоссиз ва нотўғри маълумотларнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида кетма-кет чоп этилаётганлиги кишини ўйга толдиради, албатта.
Ўз навбатида шуни унутмаслик керакки, юқоридаги каби асоссиз ва ёлғон маълумотларни тарқатган шахсга нисбатан қонунчилигимизда тегишли жавобгарликлар белгилаб қўйилган.