Франция президенти Эммануэль Макроннинг собиқ устози ва нуфузли сиёсий маслаҳатчиси Ален Минц уни “нарсист” ва “Бешинчи республика ташкил этилганидан бери энг ёмон президент” деб атади, деб ёзади Politico.
“Бир вақтлар Ален Минц Макронни мақтаб, уни Наполеон генераллари билан таққослаган эди. Ортидан саккиз йил ўтиб, у Макронни 1958 йилдан буёнги энг ёмон президент деб атайди”, — дейилади мақолада.
Минцнинг таъкидлашича, Макроннинг нарсиссизми уни “француз институтларини хавф остига қўядиган ва 2027 йилги президентлик сайловлари олдидан ўта ўнг кучларни мустаҳкамлайдиган” ўйламасдан қабул қилинган қарорларга етаклаган.
“Макрон мамлакатни ҳокимиятни қўлга олган пайтидагидан ҳам ёмонроқ ҳолатда тарк этмоқда. У Францияда узоқ йиллар давомида барқарорликни издан чиқарадиган сиёсий манзарани қолдирмоқда. Бу кечириб бўлмайди”, — дея хулоса қилди Ален Минц.