Франция президенти Эммануэль Макроннинг 2017 йилдан буён давом этаётган президентлиги даврида мамлакат Европа иқтисодиётининг энг заиф бўғинларидан бирига айланган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Францияда давлат харажатларининг ортиши, иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши ва давлат қарзининг кўпайиши мамлакат иқтисодиётига босимни кучайтирган.
Bloomberg Макрон президентлиги даврида юзага келган қатор сиёсий ва иқтисодий қарорларни ҳам таҳлил қилган. Хусусан, 2018 йилда ёқилғига солинадиган солиқни ошириш ташаббуси мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлган. «Сариқ нимчалар» ҳаракати доирасидаги намойишлар фонида ҳукумат аҳолининг кам даромадли қатламлари учун қўшимча имтиёзлар жорий этишга мажбур бўлган. Ушбу чоралар давлат бюджетига қўшимча 10 миллиард евро харажат юклаган.
Кейинчалик COVID-19 пандемияси ҳам Франция давлат молиясига сезиларли таъсир кўрсатган. Мамлакат Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, 2020 йилдан бошлаб уч йил давомида пандемия билан боғлиқ қўшимча харажатлар 190 миллиард еврога етган.
Энергетика инқирози даврида эса давлат томонидан кўрилган чоралар билан боғлиқ харажатлар 72 миллиард еврони ташкил этган.
Bloomberg таъкидлашича, Макрон дастлаб иқтисодий ислоҳотлар орқали Францияни Европанинг иқтисодий ўсиш марказларидан бирига айлантириш ва мамлакатнинг халқаро таъсирини кучайтиришни мақсад қилган.
Бироқ давлат харажатларининг юқори даражада сақланиб қолиши, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва давлат қарзининг ортиши Франция иқтисодиётига нисбатан хавотирларни кучайтирган.
Агентликнинг қайд этишича, мазкур омиллар фонида инвесторларнинг Франция активларига бўлган муносабати ҳам ўзгариб, мамлакатнинг еврозонадаги иқтисодий мавқеи юзасидан саволлар кучаймоқда.