Бугун 31 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ливан Исроил сиёсатига нисбатан кескин баёнот берди

Ливан Исроил сиёсатига нисбатан кескин баёнот берди

Ливан ҳукумати мамлакат жанубида кенг кўламли вайронагарчилик ва гуманитар инқирозга сабаб бўлган Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш лозимлигини билдирди.

Бош вазир қароргоҳи — Серай саройида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ливан Бош вазири Наваф Салам Байрут нафақат ҳарбий тажовузни тўхтатиш, балки Ливан ҳудудидан оккупацион кучларнинг тўлиқ олиб чиқилишига ҳам эришиш ниятида эканини таъкидлади.

«Биз гувоҳ бўлган воқеалар оддий экспансия, чегарани кесиб ўтиш ёки бостириб киришдан ҳам кўра кенгроқ мазмунга эга», — деди сиёсатчи.

Унинг таъкидлашича, Исроил нафақат мамлакат суверенитетини бузди, балки тўлиқ вайрон қилиш сиёсати олиб бормоқда.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат жанубидаги ўнлаб қишлоқлар ва шаҳар маҳаллалари ер билан яксон қилинган. Шунингдек, шифохоналар, мактаблар, йўллар ҳамда сув таъминоти тизимлари каби фуқаролик инфратузилмаси объектлари атайлаб ишдан чиқарилмоқда. Бу эса тинч аҳолига нисбатан жамоавий жазо чораси сифатида баҳоланмоқда.

Наваф Салам Ливан Исроил томони билан икки томонлама музокараларни тўхтатиш ниятида эмаслигини ҳам тасдиқлади. Мулоқотларнинг тўртинчи босқичи 2–3 июнь кунлари Вашингтон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, Байрут фикрича, мазкур маслаҳатлашувлар ўт очишни тўхтатишга эришишнинг ягона дипломатик йўли ҳисобланади.

«Ҳа, музокаралар ҳозирча муваффақиятни кафолатламайди, аммо бу таслим бўлиш дегани эмас», — деди бош вазир.

Унинг қайд этишича, «энг муҳими, уруш ва тинчликка оид қарорлар энди Ливан давлатининг ўз қўлида».

Наваф Салам можаронинг кенгроқ геосиёсий жиҳатларига ҳам тўхталиб, Ливан ҳудуди энди минтақавий давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар майдонига айланмаслигини билдирди. Бу баёнот, аввало, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини қўллаб-қувватлаётган Эронга, шунингдек бошқа ташқи кучларга ҳам қаратилган ишора сифатида баҳоланмоқда. Байрут мамлакатни воситачилик урушлари майдонига айлантирмасдан, мустақил ва суверен сиёсат юритиш ниятида эканини маълум қилди.

«Биз бошқаларнинг келишмовчиликлари учун тўлов қилишдан чарчадик», — деди бош вазир.

Шу билан бирга, у ҳукумат ўт очишни тўхтатиш мақсадида Исроилга босим ўтказишда халқаро ҳамжамият, жумладан араб давлатлари ва Европа мамлакатлари кўмагига умид қилаётганини таъкидлади.

Киритилди: 22:17 30.05.2026. Ўқилди: 312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!