Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Германия ҳудудида узоқ масофага учувчи қуролларни жойлаштириш ҳақидаги қарорига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор «совуқ уруш сари ишончли қадамдир».
Песковнинг сўзларига кўра, АҚШ қарори Россиянинг «жанг майдонида» стратегик мағлубиятини кафолатлашга қаратилган: «Буларнинг барчасини ҳисобга олишимиз керак. Бу ноумидлик учун сабаб эмас, аксинча, бирлашиш, бизда мавжуд бўлган барча бой имкониятлардан фойдаланиш ва олдимизга қўйган барча мақсадларни амалга ошириш учун сабабдир».
10 июль куни Пентагон матбуот хизмати Қўшма Штатлар Германияда 2026 йилда узоқ масофали зарба бериш тизимларини жойлаштиришни бошлашини маълум қилди.