Бугун 1 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Коронавирусдан қутулган юртдошимиз: "Менинг тақдирим бошқаларга ибрат бўлсин"

Коронавирусдан қутулган юртдошимиз: "Менинг тақдирим бошқаларга ибрат бўлсин"

Коронавирусга чалинган беморлардан навбатдаги тўрт нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Kun.uz мухбири улардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

33 ёшли суҳбатдошимиз, тошкентлик аёл А.Н. 1 апрель куни шифохонадан соғайиб чиқиб реабилитация марказига йўл олди.

– Ортда қолгани рост бўлсин. Шифо топганингиз билан табриклаймиз.

– Раҳмат, ишқилиб ҳамма беморлар ҳам соғайиб кетишсин.

– Касалликка қандай чалиниб қолгандингиз?

– Туркия сафарига боргандик. Уёқда ҳароратим кўтарилиб, беҳол юрдим. Қайтиб келганимиздан кейин аэропортда текширишди. Аммо ҳароратим баланд бўлмагани учун уйга жавоб беришди. Уйда бир кун бўлганимдан кейин мазам бўлмади, шифокорларга мурожаат қилдим. Тест натижаларида коронавирус чиқди ва вирусология шифохонасига олиб келишди.

– Ҳадик, қўрқув бўлмадими?

– Қандай бўлмасин?.. Ахир биз биринчилардан бўлиб бу дардга рўбарў келдик-да. Касаллик қандай кечишини аниқ билиб бўлмасди. Аммо шифокорларимизга минг раҳмат, ўзларини умуман йўқотмай, қатъият билан жуда яхши даволашди, кайфиятимизни кўтаришди, тушкунликка тушганимизда соатлаб ёнимизда ўтиришди.

Мана шу 14 кун ичида улар билан она-боладай, опа-сингилдай бўлиб кетдик.

– Шароит, дори-дармондан камчилик сезмадингизми?

– Аксинча, даволаниш жараёнида Ўзбекистонимиз тиббиётининг қанчалик кучли имкониятларга эгалигини билдим, бирор нарсадан камчилик сезилмади. Нафақат шифокорлар, балки оддий инсонлар, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, умуман ҳамма-ҳамманинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилдим.

Юртдошларимиз шифохонага келиб, дарвоза ёнидан шифокорлар ва бизга турли-туман совғалар бериб кетганларида кўзларимизга ёш келди. Халқимиз ўз фарзандини ташлаб қўймайди деганлари чин экан. Мана, Худога шукр, соғайиб ҳам кетдик.

– Миллионлаб ҳамюртларимиз дуо қилишди ва соғайиб чиққанларингизни кузатиб туришди. Яна юзлаб беморлар соғайиш арафасида сизларга ҳавас қилишяпти. Уларга айтадиган сўзларингиз борми?

– Албатта. Жуда кўп тилак ва ниятларим бор. Тилагим, биздан кейин қолганлар, умуман ҳамма беморлар соғайиб, оилалари бағрига қайтишсин. Улар учун дуодаман.

Шу синовни бошимдан ўтказган эканман, менинг тақдирим бошқаларга ибрат бўлсин. Ҳамма ўзини эҳтиёт қилсин, шифокорларнинг тавсияларидан умуман чиқишмасин. Биз Аллоҳга илтижо қилиб, шу шифокорлар сабабчи бўлиб соғайиб кетдик.

Умид қиламан, ишонаман, бу касаллик тез орада енгилади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Киритилди: 22:24 01.04.2020. Ўқилди: 3013 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!