Хитой коронавирус бўйича ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда. Хитой ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти коронавируснинг лабораторияда яратилганлиги тўғрисида ҳеч қандай далиллар йўқлигини айтган.
Пайшанба куни Вазирликнинг матбуот котиби Чжао Лижиан коронавирус Хитойнинг марказий Ухань шаҳридаги лабораторияда пайдо бўлганини даъво қилувчи айбловларга изоҳ берди. Чжаонинг айтишича, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг расмий вакиллари «янги коронавирус лабораторияда яратилганлиги тўғрисида далиллар йўқлигини бир неча бор тасдиқлашган». Вирус 2019 йил охирида айнан Уханда пайдо бўлган эди.
Президент Дональд Трамп эса АҚШ коронавирус Ухань шаҳридаги лабораторияда ишлаб чиқилганини аниқлашга ҳаракат қилаётганини таъкидлаганди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам Хитойни “ўзи билган маълумотларни ошкор қилиши кераклигини» айтган.