Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Коронавирус ўзи борми?

Коронавирус ўзи борми?

Ғайриихтиёрий тарзда шундай шарт-шароит ва турмуш тарзига ўтдикки, энди      инсоният бугуни ва яқин келажаги учун бошқатдан режалар тузиши керакдек туюлмоқда. Одатий чегаралар: нима мумкин, нима мумкин эмаслиги ҳақида. Сайр қилиш, саёҳат қилиш, хизмат сафарига чиқиш, меҳмонга бориш, байрам уюштириш — буларнинг бари учун энди бошқачароқ тартиблар зарур. Худди шунингдек, бутун дунё миқёсида халқаро муносабатлар, халқаро авиарейслар, иқтисодий, сиёсий ва бошқа муносабатлар учун ҳам янги нормалар вужудга кела бошлайди.

Тахминий эҳтимолларга кўра, яқин ўтмишда инсоният биринчи марта дунё миқёсида глобаллашган офатга дуч келмоқда. Биринчи марта бутун дунёнинг эътибори бир нарсага қаратилаяпти. Бир мавзу дунё ахборот оқимини етаклаб кетаяпти.

Ҳозирда дунёнинг 188 давлатида коронавирус бор. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугунгача бутун дунё бўйлаб 11 миллион 700 дан ортиқ одамлар коронавирус билан зарарланди. 540 мингдан кўпроқ аҳоли шу касаллик сабаб вафот этди. Касалликдан соғайганлар 6 миллион 700 дан ортиқроқ эканлиги бироз таскин берса-да, жаҳон узра ўлатдек тарқалган вирус ҳар бир босилган қадам тириклик ё ҳаёт масаласини ҳал этиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бундан чамаси 5-6 ойлар аввал — Covid-19 инфекциясининг тарқалиши дунё давлатларига хавф сола бошлаган вақтда ҳаммамизни кўринмас бир қўрқув исканжага олганди. Вирус мамлакатлар бўйлаб шиддат билан тарқала бошлади. Ҳаммамизнинг кўнглимиздан “бизга етиб келмасин”, деган ўтинчли ўй ўтди. Вақт ўтиб, Ўзбекистонда ҳам коронавирус аниқланди. Ваҳималарни борича, карантинни эса ўз ҳолимизча бошдан кечирдик…

Бугун эса коронавирусга бўлган қўрқув анчайин йўқолгандек. Мамлакатимизда касаллик аниқланаётганлар сони ҳар куни 200 ва 300 нафардан ошаётган бўлса ҳам (карантиннинг дастлабки кунларида 100 нафардан ошмаганди), ўлим сони нисбатан ортган бўлса ҳам, аҳоли орасидан касаллик аниқланаётган бўлса ҳам. Хотиржамликка берилганимиз бир тарафдан беҳуда ваҳималарга берилмаслик, ишимизда, йўлимизда, турмуш тарзимизда давом этиш учун яхшидек. Бошқа томондан эса яна аввалгидек одатий йўлда давом этишимиз тўғрими?

“Коронавирус борми ўзи? Бирорта танишимизда аниқланганини эшитмадик-ку? Бу бутун дунёда олиб борилаётган қандайдир ўйин бўлса керак. Пневмания ташхиси билан касалхонага ётқизилаётган беморлар ўйлаб топилган вирус қўлида қурол бўлаяпти…”. Шундай ўйлаяпмиз. Истар-истамай шу фикрга ҳам бориб кўраяпмиз. Аммо бу мубҳам тушунчага таяниш учун аниқ фактлар йўқ. Дунёда миллионлаб одамларнинг шу касаллик туфайли азият чекаётгани, қирилиб кетаётгани, ён қўшниларимизда вазият кескинлашаётгани бу — факт. Қозоғистонда охирги 10 кунда кунига ўртача 1500 кишида инфекция аниқланаяпти. Шу кунга қадар 188 киши вафот этди. Кичкина бир туманнинг ўзида 30-37 нафаргача ўлим ҳолати кузатилди. Қирғизистонда 5 июль ҳолатига касалланиш 7400 та етди, вафот этганлар сони 88 нафар.

Яна шу ҳам факт — дунёда, Қозоғистонда, Ўзбекистонда бўлсин, бу рақамлар ҳозирча камаймайди, тўхтаб қолмайди, ортишда давом этаверади. Шунга тайёрмизми? Тиббиёт муассасалари ўз ишини амаллаяпти ҳарҳолда, инфекция юқтирганларнинг катта қисми касалхоналардан соғайиб чиқаяпти. Энди эса касаллик юқтирганларнинг ҳаммасига давлат тиббиёт муассасалари масъул эмас. Коронавируснинг енгил формасидагилар уйда ўзлари даволаниши керак. Тиббий маданиятимиз етарлича бўлмаган шароитда бу одамни хавотирга солади. Қўшниларимизда касалхоналарда жой муаммоси, тез тиббий ёрдам хизматининг улгурмаслик ҳолатлари ва тиббиёт ходимларининг етишмаслиги кузатилаяпти. Бу бизда бўлмаслигига эса ишонч йўқ.

Шундай шароитда ниқобларни энгагимизга тушириб, баъзан тақиб баъзан тақмай, сайрга ё чиқинди тўкишга чиққанда унутиб, ўзимиз ниқоб билан, боламиз ниқобсиз юрибмиз.

Қаерда карантин кучайтирилмаган бўлса ўша жойда коронавирус кўпайди

Дунё бўйлаб инфекция тарқалишининг дастлабки босқичларида Европа давлатлари ва Америкада карантин етарлича тан олинмади. Ҳукуматнинг эътибори кучайган пайтда ҳам аҳоли карантин қоидаларига бўйсунмади. Буни демократияга зид деб баҳолашди. Аслида жамиятнинг аъзоси сифатида жамиятнинг бошқа вакилларига хавф туғдириш эҳтимоли бўлгани ҳолда маълум тартиб-қоидаларга бўйсунмасликнинг ўзи ҳам демократия тушунчаларига зиддир. Оқибатда Европада ва Америкада коронавирус жабрдийдаларининг сони қанчалик ошиб кетганлиги ҳаммамизга маълум. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда 2 миллион 800 дан ортиқ аҳоли вакиллари коронавирус билан зарарланган.

Қозоғистонда 5 июлдангина 14 кунлик карантин чеклов чоралари жорий этилди. Бунгача оммавий тадбирлар, одамларнинг 3 кишидан ортиқ тўпланиши борасида, гўзаллик салонлари, ёпиқ бозорлар, диний муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, савдо марказлари фаолиятида кучайтирилган чеклов йўқ эди. Бугунга келиб Европада касаллик камайганига қарамай ниқоб тақмаганларга ва масофа сақлаб, санитария қоидаларига риоя этмаганларга катта миқдорда жарима қўлланилаяпти. Берлинда 1,5 метргача минимал масофани бузганлик учун 25 дан 500 еврогача жарима солиниши мумкин, бизнесда санитария меъёрларига риоя қилмаганлик учун 10 минг еврогача жаримага тортилади. Бранденбург штатида оммавий тадбирларга қўйилагн тақиққа риоя қилмаган ҳар бир иштирокчига 50 дан 500 еврогача, ташкилотчи эса 500 дан 2500 еврогача жаримага тортилади. Францияда ниқоб  тақмаган қоидабузарларга 135 евро жарима солинади. Инфекция аниқланиши камайса-да, чекловларнинг сақланиб қолгани санитария қоидаларига амал қилиш кўпгина шаҳарларда ижобий самара берганлигидадир.

Пандемия қачон тугайди?

Бу инфекциянинг қачондир ҳаётимиздан умуман йўқ бўлиб кетиши билан боғлиқ аниқ фраза йўқ. Шу пайтгача ҳеч қандай прогнозлар коронавирус бизни буткул тарк этиши мумкин бўлган даврни аниқлаб беролмади. Россиялик вирусолог олим, тиббиёт фанлари доктори Анатолий Альтштейн бу давр бир йилдан уч йилгача ёки ундан ҳам кўпроққа чўзилиши мумкинлигини тахмин қилди. Америкалик машҳур доктор Меҳмет Ўз эса коронавирусдан қоча олмаслигимизни пандемия бошланиш давридаёқ айтган эди. Яқинда ҳам унинг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида айнан грипп вируси билан бўлгани каби, келгуси йилларда бу вирус билан яшашни ўрганишимиз ҳақида ёзди. Бора-бора вирус мутацияга учраши ва зарарлаган одамини ўлимга олиб бормаслиги ҳақида билдирилган илмий фикрларни ўқидик. Аммо вируснинг мутацияга киришадиган давригача ҳам ҳали вақт бор. Биздан биргина сўралаётгани эса ўзимизни асраш. Олимлар айтганидек, имкон қадар вирусни кечроқ юқтиришга ҳаракат қилиш керак. Шунда ҳеч бўлмаганда унинг зарарли давридан ўтиб, мутация даврига йўлиқамиз.

Танишимизда касаллик учрамаётгани вирус йўқ, дегани эмас. Карантин, жарималар, жиноий жавобгарлик… ҳатто булар ҳам қўрқита олмайдиган қоидабузарлар учун эса алоҳида тартиб ўйлаб топишга тўғри келар, балки. Маънавияти, дунёқараши, ҳиссиётига таъсир қиладиган даражада.

Мадҳия АВАЗОВА,

журналист

Киритилди: 04:00 12.07.2020. Ўқилди: 9292 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!