Бугун 2 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Корея тажрибаси Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантиришни жадаллаштиради

Корея тажрибаси Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантиришни жадаллаштиради

Шу кунларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бўлиб турибди. Ташрифдан кўзланган мақсад соғлиқни сақлаш тизими ва фармацевтика саноатини ривожлантиришда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими Дарё га хабар берди.Ташриф доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху билан учрашди. Мулоқот чоғида томонлар икки давлат раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган учрашувлари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга катта туртки бўлганини таъкидлади. Ўзбекистондаги фармацевтика саноатининг инвестицион жозибадор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар яратиш, хусусан, мамлакатдаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги қайд этилди.Шунингдек, учрашувда тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларга эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистонда рентген аппаратларини ишлаб чиқарадиган Listem-Fergana МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. Шунингдек, Корея Республикасининг Dalim Biotech ва Юҳан компаниялари билан ҳамкорликда дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасидаги лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Бундан ташқари, томонлар Корея Республикасининг дори воситалари ва тиббий буюмлар учун DUR (DrugUseRecord) маркалаш тизими тажрибаси билан танишди. Ушбу тизимнинг ноёблиги шундаки, унинг ёрдамида маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етиб бориш жараёни кузатиб борилади. Шунингдек, Корея Республикасининг тиббий суғурта ва E-Health электрон соғлиқни сақлаш тизими тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Музокаралар якунида икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари тиббиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг фармацевтика ва биофармацевтика ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатлар фармацевтика саноатини ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот марказларини Ўзбекистонда ташкил қилиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга асос бўлади.

Manba: daryo.uz

Киритилди: 20:00 16.05.2019. Ўқилди: 1661 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!