Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек Расуловнинг таъкидлашича амалдаги конституцияга ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимига қаратилган нормаларнинг киритилиши биринчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларининг ҳал этилишини таъминласа, иккинчидан, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этилишига, аҳоли даромадларини ўсишига ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламини арзон уй-жойлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланишга замин яратади.
Ҳозирги кунда Конституциявий ислоҳотлар натижаси аҳоли фаровонлигига қандай таъсир кўрсатади ҳамда улар фуқароларнинг қайси ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечимига қаратилган, деган масалалар аҳолини қизиқтираётган ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган масалалар ҳисобланади. Шу боисдан, иқтисодчи сифатида айрим фикрларимни билдириб ўтмоқчи эдим.
Тан олиш керакки, мамлакатимизда ҳозирги кунда ишсизлик, аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, камбағаллик даражаси ҳамда уларнинг реал даромадларини ошириш билан боғлиқ муаммолар энг муҳим долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра 2022 йил июнь ҳолатига мамлакатимизда ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 млн. 400 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,2 фоизни ташкил этган. Бу эса, ўз навбатида, турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради.
Ҳозирда мамлакатда олиб борилаётган сиёсат моҳиятини таҳлил қилсак, унинг бош мақсади – жамиятимизда олий қадрият ҳисобланмиш инсон манфаатларини рўёбга чиқариш эканига амин бўламиз.
Жорий йилнинг 25 июнидан кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқадиган бўлсак, лойиҳада инсон манфаатларини кафолатлашга қаратилган қатор моддалар киритилиши кутилаётганига гувоҳ бўламиз.
Жумладан, таклиф этилаётган Конституция лойиҳасининг муқаддимаси ва 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги тўғрисида таклиф берилган. Конституцияга биргина “ижтимоий” сўзнинг киритилиши биринчидан, давлат фуқаролар олдида жуда кўплаб вазифа ва мажбуриятларни бажаришини ўз зиммасига олса, иккинчидан, мазкур сўзнинг бош қонунда акс эттирилиши кўплаб ижтимоий муаммолар, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш; аҳолининг реал даромадларини ошириш; кам таъминланган, эҳтиёжманд, камбағаллик даражасига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш; хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини таъминлаш; арзон уй-жойлар қуриш сиёсатини олиб бориш; ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳамда малакали тиббий хизмат ҳамда таълим олиш каби муаммоларни ечилишини кафолатлайди, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга қонун лойиҳасининг 14-моддасига “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” – деган норма киритилиши таклиф этилмоқда. Бу таклифнинг асосий ғояси “Инсон қадри учун” тамойилига йўналтирилган бўлиб, унинг асосида аҳолини барча тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга жамиятда тенг имкониятлар яратиш маъсулиятини ҳам давлат ўз зиммасига олади.
Конституция лойиҳасининг 27-моддасига киритилиши таклиф этилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди” – деган норма аҳолини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган “снос” хавфидан халос этиш имкониятини беради.
Лойиҳанинг 37-моддасига таклиф этилаётган “... қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш” – деган норма фуқароларимиз учун мулкчилик шаклидан қатъий назар иш жойларида қулай меҳнат шароити яратилишини таъминлаш бароилан бирга меҳнатига муносиб иш ҳаққи олиш яъни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини олишни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.
39-моддага берилаётган “Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди” - деган норма келажакда эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш тизимини яратишга асос бўлади.
Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасининг 53-моддасида энг кўп иқтисодий муносабатлар акс эттирилганлигини кўришимиз мумкин. Мазкур моддага киритилаётган айрим нормаларни моҳиятига эътиборимизни қаратсак.
Хусусан, 53-моддага “Давлат иқтисодиёт тармоқларининг ва ҳудудларнинг уйғун ҳолда ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратади, шунингдек иқтисодий ресурсларнинг адолатли равишда тақсимланишини таъминлайди” – деган норманинг киритилиши давлатимизнинг барча ҳудудларининг тенг ривожланиши, молиявий ресурсларнинг тенг тақсимланишига ҳуқуқий замин яратади.
Хулоса сифатида айтмоқчиманки, амалдаги конституцияга ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимига қаратилган нормаларнинг киритилиши биринчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларининг ҳал этилишини таъминласа, иккинчидан, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этилишига, аҳоли даромадларини ўсишига ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламини арзон уй-жойлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланишга замин яратади.