Ижтимоий тармоқларда оздиришга хизмат қилувчи турли пакетчали чой ва қаҳвалар, капсулалар тарғиботига тез-тез кўзимиз тушади.
Айниқса, таниқли ва машҳур шахслар кўмагида бу каби маҳсулотлар гўёки зарарсиз эканлиги тинимсиз тарғиб қилинади.
Аслида-чи?
Аслида ушбу маҳсулотлар таркибида семизликни даволашда қўлланиладиган "сибутрамин" моддаси кучли таъсир қилувчи моддаси бўлиб, унинг юрак-қон томир ва асаб тизимига жиддий ножўя таъсирлари ва хавфлари мавжуд.
Шу сабабли дунёнинг кўплаб давлатларида мазкур модда муомаласи чекланган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам жорий йилнинг 6 январидан эътиборан "сибутрамин" кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг ҳаттоки ярим грамми ҳам жиноий ҳаракатни таснифлашда кўп миқдор деб ҳисобланади.
Аммо, шунга қарамасдан бу турдаги маҳсулотларни республикамизга олиб киришга бўлган уринишлар ҳамон кўзга ташланмоқда.
Яқинда Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Келес” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Марказий божхона лабораторияси ходимлари таркибида сибутрамин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган йирик миқдордаги чой ва қаҳваларни олиб киришга бўлган уринишни фош қилишди.
Пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган товарларни божхона кўригидан ўтказиш давомида товарлар орасидаги 4 хил турда қадоқланган, оғирлиги эса 1 тонна 313 кг.дан зиёд бўлган оздирувчи чой ва қаҳвалар, капсулалар божхона ходимларининг диққатини тортди ҳамда экспертизадан ўтказиш учун Марказий божхона лабораториясига тақдим қилинди.
Марказий божхона лабораториясида олиб борилган экспертиза таҳлилларидан сўнг мазкур чой ва қаҳвалар, капсулалар таркибида “сибутрамин” моддаси мавжудлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Пакетчали қаҳва ва чой, капсула кўринишида 1,3 тонна зарарли маҳсулотнинг ўз вақтида тўхтатиб қолиниши аслида минглаб аёлларимизнинг саломатлиги асраб қолинганини англатади!
Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 140 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 1 млн донадан зиёд кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига ўз вақтида чек қўйилди.