Наманган вилоятида Поп ва Мингбулоқ туманларини боғловчи каналга Nexia-2 машинаси тушиб кетди. ИИВнинг маълум қилишича, ҳолат 3 февраль куни содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Nexia-2 ҳайдовчиси машинани Мингбулоқ туманидан Поп тумани Тўда қишлоғи томонга олиб ўтиш учун паромга чиқарган. Бироқ у тажрибасизлик қилган ва машина каналга тушиб кетган.
Машина ичида бўлганлар ҳодиса содир бўлган пайтда машинадан чиқиб олган. Оқиб кетган машинани қидириш ишлари олти кун давом этган ва у 9 февраль куни 8 метр чуқурликдан аҳоли ёрдамида чиқариб олинган.
Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳайдовчи машина каналга тушиб кетган пайтда ундан чиқиб олишга муваффақ бўлган.