Германия аҳолисининг ярмидан кўпи Канадага Европа Иттифоқи (ЕИ) доирасида махсус мақом бериш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. BILD учун INSA институти ўтказган сўровномага кўра, респондентларнинг 52 фоизи Канаданинг «ассоциациялашган аъзолиги» ғоясига ижобий муносабат билдирган.
Респондентларнинг 14 фоизи бунга қарши чиққан, яна 20 фоизи эса бу масала улар учун фарқсиз эканини айтган.
Бу ғояни дастлаб Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен илгари сурган. У Канадани ЕИнинг биринчи «ассоциациялашган аъзоси»га айлантириш ва мудофаа, энергетика, технологиялар, сунъий интеллект ҳамда стратегик хомашё таъминоти соҳаларида ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтиришни таклиф қилган.
Канада бош вазири Марк Карни ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.
Айни пайтда ЕИ шартномаларида «ассоциациялашган аъзолик» мақоми мавжуд эмас. Унинг ҳуқуқий мазмуни ҳали ишлаб чиқилиши керак.
Амалдаги қоидаларга кўра, Канаданинг ЕИга тўлиқ аъзо бўлиши мумкин эмас, чунки Иттифоққа фақат Европа давлатлари қўшилиши мумкин.