Канадада Рўзаи Рамазон ойининг илк куниданоқ барча масжидларда илк таровеҳ намози бўлди ва бош вазир Жастин Трюдо бутун мусулмонларни Рамазон билан қутлади:
“Рамазон дуолар ва маънавият вақти, марҳамат ва шукрона, мардлик замони. Рамазон Тангри берган неъматларга шукроналик учун фурсат, бошқаларга хайр-садақа улашмоқ, яхшилик ва эзгуликларга ундайдиган муқаддас ой. Ўлкамиздаги мусулмонларнинг Канада учун нималар қилганини яхши биламиз ва миннатдормиз. Мен, рафиқам София ва оилам қутлуғ Рамазон ойи билан дунёдаги барча мусулмонларни муборакбод этамиз. Рўзангиз қабул бўлсин”.
Эслатиб ўтамиз, Жастин Трюдо табригини соф араб тилида “Саломалейкум” дея бошлаб, охирида “Рамазон муборак!” дея якунлади.
Бундан ташқари, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Александр Борис де Преффел Жонсон ҳам бутундунё мусулмонларини муборак ой билан қутлади:
“Юртимиздаги ва бутун дунёдаги барча мусулмонларни хайрли Рамазон билан муборакбод этаман. Рамазон алоҳида марҳамат, меҳр-шафқат, ёрдам ва шукроналик демакдир. Айнан ушбу туйғулар бизларни бирлаштиради. Мусулмонлар Британия учун қилган қаҳрамонликларини алоҳида қистириб ўтишни истайман. Рамазон ҳаммамизга муборак бўлсин”.