Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Жуманинг ҳам қораси бўладими? Ёхуд қиёматни истаётганлар

Жуманинг ҳам қораси бўладими? Ёхуд қиёматни истаётганлар

Биз яшаётган ҳар бир кун Аллоҳ таолоникидир. Аммо, бу кунлар орасида бир кун борки бу биз мусулмонлар учун "саййид ул айём" - кунларнинг улуғи ҳамда "ҳажжул масакин" - мискинлар ҳажи дея эътироф этилади. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.

Бу шундай улуғ кун, чунки бу кунда дуолар ижобат бўлади, салавотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатилади, қадамлар остидан нурлар чиқади, масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенгалштирилади, гуноҳлар мағфират этилади, масжидга барвақт борган мусулмон туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади.

Black Friday - Қора жума. Хўш, нега бугун биз мусулмонлар ардоқлайдиган кунни қора жума дея аташиб рекламалар бермоқда? Унинг тижорат ва савдога қандай алоқаси бор?

Гап шундаки, АҚШ ва кўплаб насронийлар яшайдиган давлатларда насронийликнинг "шукроналик куни" байрамидан сўнг аксарият насронийлар дам олишади. Насронийларнинг яна бир байрами "рождество"га аталган савдо мавсуми шу кундан бошланади. Бу кунда дўконлар кўпроқ маҳсулот сотиш учун катта чегирмалар тақдим қилади. Харидорларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида дўконлар ярим тунда очилишни бошлайди. Айрим дўконлар эса шукроналик байрами кечасидан тонгга қадар ишлайди. Ярим тун ва асосан эрта тонгдан дўконлар олдида тумонат одам йиғилишни бошлайди. Харидлар жараёнидаги ур-тўполон ҳақиқий томошага айланади. Воқеа шундай тус оладики харидорлар ўзаро маҳсулот талашиб бир-бирларни жароҳатлашгача боради. Дўкон эгалари учун бу қизиқ эмас, муҳими маҳсулотлари тезроқ сотилса бўлди. 
Одамлар эса арзон нарсага эришаман деб ўзларини ҳайвонлардек тутишади. Юқоридаги сабабларга кўра, бу кун АҚШда "Black Friday" деб ном чиқарган. 
Бугун тижоратчиларимиз маҳсулотларини тезроқ сотиш мақсадида мусулмонларни ҳам худди шу аҳволга солишни ният қилиб "Black Friday"лар уюштираётган бўлса, уларга айтар гапимиз: Ғарбдан ўзимизга керакли технологияларни, кашфиётларни ўзлаштирайлик, бемъани ва инсонни ҳайвонга айлантирувчи, нафс гадоси қилувчи бемаза одатларни эмас! Айниқса, у ўзга дин вакилларининг байрамларига алоқадор бўлса. Мусулмонлар учун шунчаки чегирма деган сўзнинг ўзи кифоя. 
Ҳурматли ҳаридорларга эса қуйидаги ҳадисни эслатишни лозим деб топдик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Сиз учун жуда муҳим бўлмаган буюмлар учун иймонинггизга путур етказманг! Аслида, бу "шоввоз" рекламачиларнинг миянгизга арзон дея сингдираётгани ҳам бозор нархидан 2-3 баробар қиммат. Камига, сотилаётган нарсаларга назар ташласангиз, уларга деярли эҳтиёж ва талабингиз йўқ. Талабгор бўлган маҳсулот учун эса реклама-ю, "Black Friday"лар шарт эмас! 
Мусулмонлар учун, нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният учун фақат битта "Қора жума" бор бу - Қиёмат куни! Бу ҳам аслида қора эмас, аммо, дахшатининг бепоён эканлигидан ҳаммани ларзага солади.

Саидаброр УМАРОВ

Киритилди: 15:32 12.08.2019. Ўқилди: 3521 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!