Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ёш қизалоқ хусусий боғча бассейнига чўкиб, вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz’га қизнинг онаси Наргиза Жумаева хабар берди.
Онанинг маълум қилишича, ҳолат 24 октябр куни тумандаги “Меҳрли юлдуз” боғчасида содир бўлган.
“Қизим Фериде Ҳамроқулова 2024 йил 5 май куни туғилган. У бассейнга чўкиб ўлди. Ҳозирча бирор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари биздан хабар олмади, сўраб-суриштирмади. Ҳолат бўйича ҳеч ким изоҳ бермаяпти. Ишни “ёпти-ёпти” қилишмоқчи”, дейди Наргиза Жумаева Kun.uz’га йўллаган мурожаатида.
У Қозоғистон фуқароси эканини, Жиззах вилоятига келин бўлиб тушганини қўшимча қилган.
“Меҳрли юлдуз” нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси ҳолатни тасдиқлади.
“Бу овқатланишга чиқаётган вақтимизда содир бўлди. Соат 12:00 дан кейин тушликка чиқамиз. Ўшанда ёнимда эди. Бошқа болаларнинг оёқ кийимини кийдиргунимча қаергадир кетиб қолибди. Ошхонага кетган деб ўйлаб, қолган болаларни аста-аста ошхонага олиб бордим. Феридени бассейндан топдим, шундай сувнинг устида турган экан, кўтариб олдим. Биринчи ёрдам кўрсатдик: кўкрагини босдик, тарбиячимиз келиб, қўлини оғзига тиқиб кўрди, кейин раҳбаримизнинг ўғли билан шифохонага олиб бордик. Гуруҳимда 26 нафар бола бор, бир ўзим қарайман. Ўша куни 23 нафари келганди”, деди Фериде Ҳамроқулованинг тарбиячиси.
Қизалоқ ушбу боғчага 3 октябрдан кела бошлаган.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан 27 октябр куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.