Россия Президенти Владимир Путин чоршанба куни Қирғизистоннинг янги сайланган президентини қабул қилди ва сўнгги 15 йил ичида ҳокимият учинчи марта зўравонлик билан ўзгартирилган Марказий Осиё давлатида сиёсий барқарорликка умид билдирди.
Садир Жапаров намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинганидан уч ой ўтгач, 10 январ куни Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида 79% овозни қўлга киритди.
Кремлдаги музокаралар бошида сўзлаган Путин, Жапаров бошлаган конституциявий ўзгаришлар "ички сиёсий вазиятни нормаллаштиришга" ёрдам беришига умид билдирган.
Россия раҳбари, шунингдек, Россия Қирғизистонга коронавирус юқишига қарши ёрдам беришини ваъда қилди. Қирғизистон ҳукумати Россияда ишлаб чиқарилган Спутник V вакцинасини маъқуллади ва яқин орада мамлакатда эмлаш бошланади.
Путин қирғиз президентининг рус тилининг давлат мақомини сақлаб қолганини ўта муҳим, деган.
Жапаров ҳам буни маъқуллаб, қирғизистонликларнинг ўз ватанида рус тилини ўрганиш имкониятларини амалга ошириш учун ҳамма нарсани қилишини айтган.
Қирғизистон Москванинг иқтисодий қўллаб-қувватлашига умид қилиб Россия авиабазасини очади. Илгари бу ерда Афғонистондаги уруш пайтида транспортнинг асосий маркази бўлиб хизмат қилган АҚШ авиабазаси жойлашган эди.
52 ёшли Жапаров Путинни Россия бошчилигидаги иттифоқларга аъзолик унинг мамлакати учун "сиёсий ва иқтисодий устувор вазифа" бўлиб қолишига ишонтирди.
Жапаров октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига қарши чиққан намойишчилар томонидан озод этилган пайтда олтин кони билан боғлиқ можароларда вилоят ҳокимини ўғирлашда айбланиб, 11,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди.
Қамоқдан бўшатилгандан сўнг дарҳол Жапаров президент Сооронбай Жеенбековни лавозимидан олиш учун тарафдорларини сафарбар қилди.
Тартибсизликлар натижасида охирги 15 йил ичида Хитой билан чегарадош 6,5 миллион кишилик халқнинг етакчиси учинчи марта халқ қўзғолони томонидан ҳайдаб чиқарилди. 2005 ва 2010 йилларда президентларни ҳокимиятдан ағдарган олдинги қўзғолонлар сингари, сўнгги тартибсизликлар ҳам мамлакат сиёсатини бошқараётган кланларнинг рақобатини кучайтирди.
Январ ойидаги президент сайловлари билан параллел равишда ўтказилган референдумда Қирғизистоннинг 81 фоиз сайловчилари президент ваколатларини кучайтиришни ёқлади. Тегишли конституциявий ўзгаришлар кейинги плебисцитда тасдиқланиши керак.
Қирғизистон президенти Москвадан келар-келмай унинг матбуот хизмати Садир Жапаров ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтганини хабар қилган.
Суҳбат давомида Си Цзиньпин Садир Жапаровни президент лавозимига киришганлиги билан табриклаган ва уни Хитойга ташриф буюришга таклиф қилди.
Россиядан сўнг яна бир қўшни давлат Хитойга ташриф нима билан тугашини келажак кўрсатади. Хитой олдидаги улкан давлат қарзларини тўлаш масаласи ташриф мавзуларидан бири бўлиши мумкин.
Ёқуб Умар тайёрлади