Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган 200 млн долларлик лойиҳани маъқуллади.
Бош офиси Вашингтонда жойлашган банкнинг 23 март кунги хабарида айтилишича, 5 йиллик лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Сурхондарё вилоятидаги М41 минтақавий автомобил йўлининг 91 километр қисмини реконструкция қилишда Автомобил йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Автойўлинвест” агентлигини қўллаб-қувватлаш. Бу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон Республикаси ва Афғонистон билан боғлайди. Мавжуд 2 қаторли трасса 4 қаторли бўлади.
Йўлнинг ушбу қисми таъмири якунлангач, ундан кунига 35 мингга яқин ҳайдовчи ва йўловчи фойдаланади. Автомагистрал, шунингдек, ёндош ҳудудларнинг тахминан 550 минг аҳолиси учун транспорт хизматлари ва иқтисодий имкониятлардан кенгроқ фойдаланишни таъминлайди. Бундай имкониятларга таъмирланган йўл бўйлаб бизнеснинг ривожланиши ва янги иш ўринларининг яратилиши киради.
Лойиҳа йўл қопламаси сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва автобус бекатларининг қулайлигини ошириш бўйича қурилиш ишларини молиялаштиради. Шунингдек, сув тошқини хавфидан ҳимоя қилувчи 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Ушбу чора-тадбирлар автомобил йўлининг реконструкция қилинаётган қисмида йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатлари сонини камайтиришга, йўлга кетадиган вақтни қисқартиришга (аҳоли пунктларидан ташқарида ўртача ҳаракат тезлиги 65 дан тахминан 90 км/соатгача ошади), йўловчи ва юк ташишнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ва қўшни давлатлар билан транспорт алоқалари мустаҳкамланади.
2. Транспорт вазирлигига мултимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмаклашиш. Ушбу ҳужжат давлат органларининг транспорт хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” бўлади. Стратегия йўловчи ва юк ташишни яхшилаш учун маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишга, шунингдек, ҳар хил транспорт турлари ишини мувофиқлаштиришга ёрдам беради.
Ҳужжат транспорт секторининг таъминот занжиридаги узилишлар ва об-ҳаво хатарларига чидамлилигини ошириш, шунингдек, соҳада чиқиндиларни камайтириш бўйича иқтисодий жиҳатдан самарали ечимларни жорий этиш чораларини ўз ичига олади.
3. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бизнес-жараёнларини, жумладан корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш, йўловчи ташишни режалаштириш ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) амалиётини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни молиялаштириш. Ушбу чора-тадбирлар компаниянинг операцион самарадорлиги ва фаолияти натижадорлигини оширади, шунингдек, уни янада ривожлантириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш салоҳиятини мустаҳкамлайди.