Эроннинг Defa News портали хабарига кўра, Эроннинг Изроилга қарши амалга оширган 12 кунлик уруш натижасида 31 мингдан ортиқ бино ва тахминан 4 минг транспорт воситаси вайрон қилинган. Уруш 13 июнь куни Изроил томонидан Эроннинг ядровий инфратузилмасига қарши амалга оширилган кутилмаган зарба билан бошланган. Аммо бу вайроналиклар ҳақида расмий маълумот на Тел-Авив, на унинг иттифоқчилари томонидан эълон қилинмаган.
Изроил ҳарбийларининг маълумотларига кўра, Эрон 12 кун ичида тахминан 550 та баллистик ракета ва 1000 дан ортиқ дрон учирган. Тел-Авивда таъкидланишича, уларнинг 90 фоизи Изроил ва АҚШнинг қўшма ҳаво мудофаа тизими томонидан йўқ қилинган.
Шу билан бирга, камида 31 та ракета муҳим объектларга тегган — Ҳайфадаги нефтьни қайта ишлаш заводи, жанубдаги электр станцияси ва мамлакат марказидаги Вайцман университети. Беэр-Шевада бир дрон турар жой биносига урилган, жабрланганлар йўқ. «Сорока» шифохонаси ҳам ракета зарбасига учраган.
Изроил томони ракеталар урилиб тушган жойларнинг аниқ манзилларини махфий сақлади. Бу орқали Эронга ҳаво мудофаа тизимлари жойлашувини фош қилмаслик мақсад қилинган. Маҳаллий аҳолига ҳужум оқибатларини ижтимоий тармоқларда жойлаш тақиқланган.
Тинч аҳоли орасида ҳам йўқотишлар мавжуд: Эрон ҳужумлари натижасида Изроилда 28 киши ҳалок бўлган, 3000 дан ортиқ киши яраланган ва 9000 киши ўз уйларини тарк этган. Эроннинг расмий манбаларига кўра, Изроил зарбалари оқибатида Эронда 610 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган.
Изроил расмийлари маълум қилишича, улар Эроннинг ракета учириш қурилмалариing 2/3 қисмини йўқ қилган, Эроннинг ядровий дастури эса бир неча йилга ортга сурилган. Шунингдек, Эроннинг 15 нафар етакчи ядровий олимлари ҳам йўқ қилинган.
Можаро тарихи шундай бўлган:
13 июн — Изроил Эрон ядровий инфратузилмасига зарба берди;
14 июн — Эрон юзлаб ракета ва дронлар билан жавоб қайтарди;
22 июн — АҚШ урушга аралашиб, Эрон ядровий объектларига зарба берди;
Эрон Қатардаги АҚШ авиабазасига зарба берди, АҚШ талафот йўқлигини билдирди.
24 июн куни АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган отишмаларни тўхтатиш режими кучга кирди. Бироқ бир неча соат ўтиб, Эрон Изроилга яна икки баллистик ракета учирди. Изроил уларни йўқ қилиб, жавоб тариқасида Теҳрон шимолидаги радар тизимини йўқ қилди. Шундан сўнг жанглар тўхтади.