Ўзбекистонлик ҳамширалар учун Италия тиббиёт муассасаларида ишлаш имконияти яратилиши мумкин.
Бу масала соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ва Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гвидо де Санктис ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Италия томони ўзбекистонлик ҳамшираларни мамлакат клиника ва шифохоналарига ишга жалб этиш бўйича таклиф билдирди. Ҳозирча ташаббуснинг аниқ механизми, танлов шартлари ва қанча мутахассис қамраб олиниши очиқланмаган.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг Италиядаги етакчи клиника ҳамда университетларда стажировка ўташини кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Икки давлат ўртасида тиббий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик аллақачон йўлга қўйилган. Хусусан, Андижон давлат тиббиёт институти L’Aquila университети билан, шунингдек, Павия, Пиза ва Перуджадаги академик марказлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Учрашувда фармацевтика йўналиши ҳам муҳокама қилинди. Томонлар технологиялар трансфери, дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва фармаконазорат тизимини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Бундан ташқари, Италия компанияларини Ўзбекистонда тиббиёт инфратузилмасини янгилаш, соҳага рақамли ечимларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига жалб қилиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.