Бугун 17 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Иссиқ кунларда қандай таомланиш зарур?

A A A
Иссиқ кунларда қандай таомланиш зарур?

Жазирамада организмнинг ўта исиб кетишининг олдини олиш учун рационимиздаги таомларни эътибор билан танлашимиз ўта муҳим. Шунингдек, нафақат суюқликни кўпроқ ичиш, балки бунда ҳам тўғри танлов қилиш аҳамиятлидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экологик дипломатия бўлими бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Ҳаво ўта иссиқ бўлган кунлари организм сувсизланишининг олдини олиш учун кун давомида, ҳатто чанқоқни ҳис қилмасангиз ҳам, етарли миқдорда суюқлик ичиш муҳим, — дейди мутахассис. — Умумий тавсияларга кўра, кунига 2,5-3 литр суюқлик ичиш керак, бироқ жисмоний фаоллик ва ҳаво ҳароратига қараб бу миқдор ошиши мумкин. Кўчага чиққанда доимо ўзингиз билан сув олиб юришингиз лозим.

Оддий тоза сув энг яхши ичимлик ҳисобланади. Муздек сув ўрнига хона ҳароратидаги ёки бироз салқин сувни ичиш афзалроқдир. 36-37 даражали сув организмда метаболизм ва ичак фаолиятини яхшилайди.

Шакарсиз кўк чой чанқоқни бошқа ичимликларга қараганда яхшироқ босади. Шунингдек, гиёҳли чойлар (ялпиз, мойчечак), нордон мевалардан (олча, олма, қорағат, клюква) тайёрланган шакарсиз компотлар (морс), айрон, кефир ва лимон қўшилган сув ҳам фойдалидир. Бу ичимликлар организмни минерал моддалар ва витаминлар билан таъминлайди.

Таркибида сув миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, масалан, бодринг, тарвуз, қовун гидратацияга ҳисса қўшади. Сут таркибидаги электролитлар туфайли фойдали бўлиши мумкин.

Аммо жазирамада баъзи ичимликларни истеъмол қилишдан сақланиш лозим, чунки улар нафақат чанқоқни босмайди, балки сувсизланишни кучайтириши ҳам мумкин.

Буларга:

таркибида шакар миқдори юқори бўлган, газланган ичимликлар, қадоқланган шарбатлар;

алкоголли ичимликлар;

кофеин миқдори юқори бўлган ичимликлар (кофе, баъзи чой турлари, энергетик ичимликлар);

ўта совуқ (муздек) ичимликлар киради.

Бундан ташқари, иссиқ кунларда енгил ҳазм бўладиган таомларни кичикроқ порцияларда ва тез-тез истеъмол қилиш тавсия этилади. Таркибида сув миқдори юқори бўлган мева ва сабзавотларга (тарвуз, қовун, бодринг, селдерей) кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Салатлар, қатиқли таомлар (масалан, окрошка) ва совуқ шўрвалар каби салқин таомлар ҳам фойдалидир. Терлаш орқали йўқотилган тузнинг ўрнини босиш учун бироз тузли таомлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лекин қайта ишланган ва ўта шўр маҳсулотлардан сақланиш керак.

Овқат ҳазм қилиш жараёнининг ўзи организмда иссиқлик ишлаб чиқаради. Шу сабабли, жазирамада ҳазм бўлиши қийин бўлган оғир таомлардан сақланиш тананинг ички ҳароратини паст ҳолда сақлашга ёрдам беради.

Оғир, ёғли ва оқсилга бой таомлар (айниқса қизил гўшт)ни чеклаш тавсия этилади, чунки уларни ҳазм қилиш кўпроқ метаболик иссиқлик ишлаб чиқаради. Балиқ ва сабзавотли оқсиллар енгилроқ вариант ҳисобланади.

Ширинликлар ва хамирли овқатлар ҳолсизлик ва чанқоқ ҳиссини кучайтириши мумкин. Чанқатадиган маҳсулотлар, масалан, ўта шўр ёки дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, консервалар истеъмолини камайтириш керак.

Гарчи баъзи манбалар аччиқ овқат терлашни кучайтириб, совишга ёрдам беришини таъкидласа-да, бундай таомлар тана ҳароратини ошириши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам кам эмас. Бу борада меъёрни билиш ва индивидуал реакцияни ҳисобга олиш муҳим.

Киритилди: 10:36 15.05.2025. Ўқилди: 637 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!