Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори Рафаэл Гросси Эроннинг Натанз шаҳридаги уранни бойитиш бўйича муҳим иншоотда Исроил ҳужумларидан сўнг алфа-зарралар ажралиб чиққанини маълум қилди.
"Натанз иншооти ташқарисидаги радиация даражаси ўзгаришсиз қолмоқда, бу тегишли ҳимоя чоралари билан назорат қилинади", — дея Гроссининг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик матбуот хизмати.
Гроссининг таъкидлашича, давлатлар ўртасидаги вазият ёки муносабатлардан қатъи назар, ядровий иншоотларга ҳеч қачон ҳужум қилинмаслиги керак.
"Бундай ҳужумлар Ер сайёраси аҳолисига ҳам, атроф-муҳитга ҳам зарар етказиши мумкин. Бу ядровий хавфсизлик ва кафолатлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келади", — деди МАГАТЭ раҳбари.
Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломий, ўз навбатида, Исроил ҳужумлари Натанздаги иншоотга жиддий зарар етказмагани ва радиация сизиб чиқишига олиб келмаганини даъво қилмоқда.
"Зарар маҳаллий даражада бўлгани ва қурбонлар бўлмагани яхши. Аҳолини хавотирга солиши мумкин бўлган радиация сизиб чиқиши ҳам кузатилмаган. Ҳозирда етказилган зарарни баҳолаяпмиз", — деди Исломий.