Исроил Франция президенти Эммануэль Макроннинг Ливан жанубида БМТнинг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) ўрнини эгаллайдиган янги Европа ҳарбий кучларини ташкил этиш ташаббусига қарши чиқиш ниятида. Бу ҳақда дипломатик манбага таяниб The Jerusalem Post хабар бермоқда.
Париж таклифига кўра, янги кўп миллатли миссия минглаб европалик ҳарбий хизматчиларни ўз ичига олиши ва 2026 йил охирида UNIFIL мандати якунлангач, Ливан Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаши керак эди.
Бироқ бу ташаббус аллақачон қийинчиликларга дуч келди. БМТ тинчликпарвар кучлари чиқиб кетганидан кейин халқаро коалиция тузишни илгари қўллаб-қувватлаган Италия ўз ҳарбийларини ушбу миссияга юборишга тайёр эмас. Вашингтон эса янги ҳарбий бўлинмаларни жойлаштиришни назарда тутмайдиган муқобил вариантни кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, Парижнинг таклифи Франциянинг янги хорижий миссия учун молиялаштириш ва ҳарбий ресурслар ажратиш имкониятлари борасида ҳам саволлар туғдирмоқда. Бундан ташқари, эҳтимолий Европа кучларининг сон таркиби, ваколатлари ва иштирокчи мамлакатлар рўйхати ҳали узил-кесил белгиланмаган.