Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужуми оқибатида 30 киши ҳалок бўлди. Бу сулҳ тузилганидан кейин қурбонлар сони бўйича энг йирик зарба бўлди.
Бу ҳақда Associated Press маҳаллий тиббиёт муассасалари маълумотларига таяниб хабар бермоқда. Бу рақам Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви тузилганидан кейинги даврда бир суткада ҳалок бўлаётганларнинг ўртача сонидан бир неча баравар кўп.
Аввалроқ Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йил 10 октябрда келишувга эришилганидан 2026 йил 30 январгача бўлган даврда Исроил кучларининг ҳаракатлари натижасида Ғазо секторида камида 520 киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) матбуот хизмати зарбаларни Фаластиннинг ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” ҳаракатлари томонидан сулҳнинг бузилишига “жавоб” деб атади. Баёнотга кўра, бир кун аввал саккиз нафар “жангари” туннеллар тизими орқали Исроил назоратидаги Рафаҳ шаҳрининг ғарбий ҳудудига кириб келган. Ғазога берилган зарбаларнинг нишонлари ҲАМАС жангчилари, қурол омбори ва ишлаб чиқариш жойи ҳамда икки ракета учириш мосламаси бўлган.
Associated Press маълумотларига кўра, Исроил зарбалари Ғазо шаҳридаги кўп қаватли уйга ва Хон Юнисдаги қочқинларнинг чодирлар лагерига берилган.