Дам олиш кунларида Исроил Қўшма Штатларни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ракета машғулотлари ҳужумга тайёргарлик бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Бу ҳақда Axios портали хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Порталга кўра, Исроил Мудофаа кучлари штаби бошлиғи генерал-лейтенант Эял Замир АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Бред Купер билан телефон орқали суҳбатда Исроил Эроннинг бир неча кун аввал бошлаган ракета машғулотларидан хавотирда эканини айтган.
Замирнинг қайд этишича, Эроннинг охирги ракета ҳаракати ва бошқа оператив қадамлари кутилмаган ҳужум учун ниқоб бўлиши мумкин. У АҚШ ҳарбийларини мудофаа тайёргарлигини Исроил ҳарбийлари билан мувофиқлаштиришга чақирди.
Якшанба куни Купер Тель-Авивга келди ва у ерда Замир ва Исроилнинг юқори мартабали расмийлари билан учрашди.
"Эрон ҳужуми эҳтимоли 50 фоиздан кам, лекин ҳеч ким таваккал қилишни ва бу шунчаки машғулот, дейишни истамайди”, деди портал манбаларидан бири.
Айни пайтда америкалик манбанинг хабар беришича, АҚШ разведкаси ҳозирда Эрон ҳужуми яқинлашаётганини кўрсатувчи ҳеч қандай маълумотга эга эмас.