Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Инсоният тарихидаги энг фожиали “қора туман”

Инсоният тарихидаги энг фожиали “қора туман”

Ғарбий Рим салтанатининг қулаши билан бошланган Ўрта асрни Европада бежизга “зулмат асри”, деб аташмайди. Тарихчилар бу даврда шаҳарлар ва маданиятларнинг  йўқ бўлиб кетганини ва кўп сонли аҳолининг қирилиб кетганини таъкидлашади. Ушбу даврда содир бўлган воқеалар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб чиққан тадқиқотчилар милодий 536 йил инсоният тарихидаги энг фожиали йил бўлган, деган ҳулосага келишди.

 Кўнгилсизликлар кетма-кетлиги

Гарвард университетининг тадқиқотчиси Майкл Маккормик 536 йилни инсоният тарихидаги “энг фожиали даврнинг” бошланиши, дея эътироф этди. 536 йилда рўй берган фожиалар, 1349 йилда бутун Европа аҳолисининг чорак қисмини қириб юборган вабо эпидемиясидан, шунингдек, 1918 йилда 100 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлган “испанка” гриппидан ҳам даҳшатлироқ эди. 536 йилда Ер сайёрасининг кўп қисмини сирли туман қоплаб олди ва 18 ой давомида Европа ва Осиёни қора туман тарк этмади.

“Қуёш ой каби бўлиб қолди, йил давомида нурсиз порлади”, деб ёзади император Юстиниан ҳукмронлигининг ўнинчи йилида рўй берган воқеа ҳақида византиялик Прокопий Кесарийский. Прокопий сирли ҳодисани “буюк мўъжиза” деб атаган.

Ҳаво ҳарорати ёз ойларида 1,5 – 2,5 даражага тушиб  кетди. Шу сабабли экин майдонлари ҳосилсиз қолди. Шунга ўхшаш воқеа Хитойда ҳам содир бўлди. У ерда ёзда қор ёғди. Мамлакатнинг шимолий қисмида очликдан аҳолининг 80 фоизи қирилиб кетди. Бошланган очарчилик ўн йил давом этди. 536 йилдан 546 йилгача бўлган давр сўнгги 2300 йилдаги энг совуқ давр ҳисобланади. Навбатдаги кўнгилсизлик 541 йилда содир бўлди. “Юстиан вабоси” очарчиликдан омон қолган Европа ва Яқин Шарқ аҳолисининг кўп қисмини ҳаётдан олиб кетди.

“Қора туман” сирининг ечими

Нима сабабдан қуёш ой каби нурсиз бўлиб қолганига жавоб топиш мақсадида Маккормик бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи Швейцариядаги Колле Нифетти муз қатламларини таҳлил қилишди. Таҳлиллар 536 йилнинг бошида шимолий ярим шар атмосферасини қора қуюн ўраб олганини кўрсатди. Исландиядаги вулқонлардан бирининг отилиши воқеа “айбдори”, деган хулосага келинди. Олтингугурт ва висмутдан иборат майда заррали булутлар Европа осмонини қуршаб олган. Гренландия музликлари тубининг таҳлили буни тасдиқлади.

Сабаб

536–660 йилларни “Кечки антик дунёнинг кичик муз даври”, деб аташади. Бу даврда об-ҳаво ҳарорати керагидан жуда паст даражада бўлган. Аммо Ўртаер денгизи цивилизацияси учун очарчилик ва вабо таназзулга сабаб бўлган бўлса, кўплаб халқлар учун об-ҳаво ўзгаришлари йирик кўчишларга ва кейинчалик сиёсий ривожланишга олиб келди. Ахир ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор дейишадику?!

Булардан бири англосакс қабилалари бу даврда Шимолий Германия қирғоқларидан Британия оролларига жадаллик билан кўчиб ўтишди ва у ерда бир неча қиролликка асос солишди. Шунингдек, Славянлар ҳам бу даврда Висла, Днепр ва Карпатлардан уч томонга - жанубга, ғарбга ва шарққа қараб ҳаракатлана бошлади.

Ўша даврда ҳаракатлана бошлаган яна бир халқ – бу араблар. Совуқ иқлим Араб ярим оролида ёғингарчиликларга сабаб бўлди. Бунинг оқибатида маҳаллий қабилаларнинг от ва туялари сони ошди. Бу эса қўшни мамлакатларга ҳарбий ҳужумлар амалга оширилишга имкон берди.  Муҳаммад (с.а.в.) 570 йилда таваллуд топди. Унинг вориси ҳалиф Умар Ибн аль-Ҳаттаб ҳукмронлиги даврига келиб, мусулмон араблар Византия, Месопотамия, Эрон, Фаластин, Сурия ва Миср ерларини  ишғол қилишди.

Бекзод Мусурмонов таржимаси

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 06:45 27.01.2020. Ўқилди: 5875 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!