Индонезия 2026 йил август ойида Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон томонидан имзоланган Макка мудофаа келишувига қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Middle East Eye (MEE) нашрига Туркиянинг уч нафар расмий вакили маълум қилган.
Индонезиянинг эҳтимолий қўшилиши келишув географиясини Яқин Шарқ ҳудудидан ташқарига кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин. Манбаларнинг сўзларига кўра, Жакартанинг ушбу келишувга қизиқиши Анқара билан, айниқса, мудофаа саноати соҳасидаги яқин ҳамкорлиги билан изоҳланади.
Ўтган йили Индонезия Туркиянинг 48 та Kaan қирувчи самолётини сотиб олиш бўйича қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартнома тузган эди. Бундан ташқари, январь ойида томонлар Туркиянинг миллий кемасозлик дастури доирасида «Истанбул» тоифасидаги иккита фрегатни харид қилиш бўйича келишувга эришган. Ушбу шартнома қиймати тахминан 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Ҳарбий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ноябрь ойи бошида ҳам ўз аксини топди. Ўшанда Туркия, Индонезия, Покистон ва Қатар мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ҳарбий техника ва қурол-яроғ тизимларини биргаликда лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва молиялаштиришни назарда тутувчи «Бадр» ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
Шу билан бирга, Индонезия элчихонаси вакили MEE нашрига мамлакатнинг Макка иттифоқига қўшилишдан манфаатдорлигини ҳозирча тасдиқлай олмаслигини билдирган.
Экспертларнинг фикрича, Индонезия президенти Прабово Субианто аввалроқ мамлакатнинг анъанавий қўшилмаслик сиёсатига содиқлигини тасдиқлаб, Индонезия ҳарбий альянсларга қўшилиш ниятида эмаслигини айтган.
Шу тариқа, Жакарта кўп векторли ташқи сиёсатни амалга ошириш билан бирга, ўзининг стратегик мустақиллигини сақлаб қолмоқда.