SpaceX асосчиси Илон Маск АҚШдаги оралиқ сайловларда Республика партияси номзодларини қўллаб-қувватлаш учун тахминан 446 миллион доллар сарфлаганидан афсусда эканини билдирди. Республикачилар мағлубиятга учраганидан сўнг у вақтни ортга қайтариш имкони бўлганида, сайлов кампаниясига анча кам маблағ ажратган бўлишини тан олди.
«Шунча пул сарфлаб, эвазига деярли ҳеч нарса олмаганим учун ўзимни анча аҳмоқдек ҳис қиляпман», — деди Маск The New York Times нашри томонидан ташкил этилган DealBook саммитида журналист Эндрю Росс Соркинга берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, АҚШдаги сайловлар фақат пул сарфлаш орқали ғалабага эришиб бўлмаслигини кўрсатди.
Маск мазкур сайловлардаги энг йирик хусусий донорга айланган эди. У, айниқса, Tesla ва SpaceX компаниялари штаб-квартиралари жойлашган Техас штатидаги сайлов кампанияларига катта маблағ йўналтирган.
Бироқ республикачилар Конгрессдаги ўринларини йўқотди. Техасда ҳам муҳим сайловларда мағлубиятга учради: демократ Жеймс Таларико Сенат сайловларида, Жина Инохоса эса губернаторлик сайловларида ғалаба қозонди.
Республикачилар мағлубиятидан кейин Маск Дональд Трамп билан боғлиқ MAGA ҳаракатидан ҳам ўзини бироз узоқлаштиришга уринди. У ўзини мўътадил сиёсий қарашларга эга шахс деб атаб, Республика партиясининг дастурини кўр-кўрона қўллаб-қувватламаслигини билдирди.