Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидладилар.
Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.
Парламентлараро алоқалар, жумладан, дўстлик гуруҳлари доирасида фаоллашди.
Ўзаро савдо ҳажми, шунингдек, Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшма корхона ва лойиҳаларнинг сони изчил равишда ўсиб бормоқда.
Келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида алоҳида дастур асосида амалга оширилиши назарда тутилган саноат кооперациясининг янги устувор йўналишлари ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилди. Йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш мақсадида Туркияга ташриф буюради.
Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббий туризм соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида шу йил баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди.