Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Олтинсой тумани "Бибизайнаб" маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-100 автомобиль йўлида ўтказган авторейд тадбирида “Нексия” русумли автомашинани тўхтатди.
Уни Қумқўрғон туманида яшовчи Б.Э бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз бошқариб юрган экан. Шундан сўнг ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси ўрнатилган тартибда жарима майдонига жойлаштирилади. Эртаси куни тушликка яқин ҳайдовчи Б.Э. маҳалладоши Н.Э. билан бирга келиб, ИИБ ходимига транспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериши эвазига пора сифатида пул таклиф қилади.
Шу куни кечки пайт вилоят ички ишлар бошқармаси, Олтинсой тумани прокуратураси ва туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан туманнинг "Бибизайнаб" маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир чоғида фуқаро Н.Э. ички ишлар ходими М.Б.га “Ласетти” русумли хизмат автомашинасининг ичида 310 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Денов туманидаги "Сурнайтепа" маҳалласида яшовчи А.Н.нинг бир бош ҳўкизини "Тотувли" маҳалласидан М.А. 10 миллион 500 минг сўмга савдолашиб, пулини бир кундан кейин бериш шарти билан олиб кетади. Орадан 15 кун ўтса ҳамки, лафзлашган пулдан дарак бўлмайди. Шундан сўнг А.Н. Денов тумани ички ишлар бўлими бошлиғига ёрдам сўраб, ариза билан мурожаат қилади. Профилактика инспектори ушбу масалада суриштирув ишларини олиб бораётганида М.А. ахлоқ тузатиш иши бўйича ҳисобда туришини айтиб, масалани унинг фойдасига ҳал этиб берса, 600 минг сўм пулни пора сифатида беришни ваъда қилади. Профилактика инспекторининг билдиргиси асосида хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходими билан “келишмоқчи” бўлган бу шахснинг қалтис иши “ўхшамай” қолди. Вилоят ички ишлар бошқармаси, туман прокуратураси ва туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида шу куни "Янгиобод" маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир пайтида М.А. таклиф қилган пулининг 200 минг сўмини профилактика инспекторининг хизмат хонасида пора сифатида бераётганида қўлга тушди.
– Ўша куни Шўрчи туманида юз берган мана бу воқеа ҳам қонунни бузиб, уни четлаб ўтмоқчи бўлган фуқароларга сабоқ бўлса, ажаб эмас, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими тумандаги "Далварзин" маҳалласи ҳудудидан ўтган М-41 автомобиль йўлида хизмат вазифасини ўтаётганида “ВАЗ-2106” русумли автомашинани тўхтатади. Ҳайдовчининг ҳужжатларини назорат тартибида текшираётиб, уни спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумон қилади ва шифокор кўригидан ўтказади. Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт бошқараётгани аниқлангач, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилади. Шундан сўнг ҳайдовчи Қ.А. ички ишлар идораси ходими ёнига келиб, қонуний чора кўрмаслик ва автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига нақд 500 минг сўм пора таклиф қилади. Тегишли билдирги асосида ўтказилган тезкор тадбир чоғида ҳайдовчи Қ.А. ИИБ ходимининг хизмат машинасида 500 минг сўм пулни пора тариқасида бераётганида ушланиб, ашёвий далил ҳужжатлаштириб олинди.
Мазкур ҳолатлар бўйича ҳам терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Manba: uza.uz