Бугун 14 апрель, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ҳусановни афсонавий ҳимоячига тенглаштиришди

Ҳусановни афсонавий ҳимоячига тенглаштиришди

Айни пайтда футбол мутахассиси сифатида фаолият юритаётган Англия футболининг ёрқин юлдузларидан Гари Невилл “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик легионери Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдирди.

- Бир неча ой аввал Абдуқодир Ҳусанов юқори спорт формасига чиқишда қийналаётган эди. Ҳозир эса, у тўсатдан Рональд Куманга айланиб қолди, - деди Гари Невилл.

Дарҳақиқат, 22 ёшли ўзбек футболчиси кейинги пайтда Хосеп Гвардиола жамоаси ҳимоя чизиғининг ҳақиқий етакчисига айланиб бормоқда. Экспертлар Ҳусановнинг ўйинида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини эътироф этяпти.

“Манчестер Сити” мураббийлар штаби мавсумнинг энг мураккаб палласидаги жиддий ўйинларда ҳам Абдуқодирга ишонч билдиряпти.

Хусусан, манчестерликларга жорий мавсум чемпионликни қўлга киритиш имконини берган Лондонда “Челси” қарши ўтказилган учрашувда ҳам Ҳусановнинг ўйини юқори баҳолади.

“Манчестер Сити” ва Англия Премьер-лигасининг расмий аккаунтлари Ҳусановнинг “Челси” билан ўйинда узоқ масофага узатган аниқ пасларига алоҳида эътибор қаратиб, махсус видеороликни мухлислар эътиборига ҳавола қилди.

Ушбу баҳсда Ҳусанов 77 та пас берди, шулардан 72 таси аниқ чиқди. Айниқса, унинг узоқ узатмалари ажралиб турди, ҳимоячи 10 марта тўпни ҳужумнинг охирги қисмига етказиб берди. Жами 8 та узоқ масофага узатилган пасдан 6 таси манзилга аниқ етиб борди.

Футболчи майдонда барча 90 дақиқани ўтказди ва ҳимояда ҳам, ҳужумни бошлашда ҳам ишончли ўйин намойиш этди.

Жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов барча мусобақаларда 31 та учрашувда иштирок этди. Уларнинг аксариятида ҳамюртимиз бошланғич таркибдан жой олган.

Ҳусанов “Манчестер Сити” таркибида Англия лигаси кубогида ғолиб чиқиб, легионер сифатида илк совринини қўлга киритди.

22 ёшли легионеримиз январь ва март ойларида “Манчестер Сити”нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилгани ҳам унинг жамоадаги ўрни ва мавқеи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Киритилди: Бугун 09:42. Ўқилди: 720 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!