Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорларнинг VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ҳудудларда Бизнес-омбудсман девони масъул ходимлари иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ва сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, Президентимизнинг ПФ–100-сон Фармони мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тадбиркорлар учун газ таъминоти соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган алоҳида учрашув ҳам ўтказилди.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ташкил этилган очиқ мулоқот ва сайёр қабулда эса тадбиркорлар томонидан кредит ажратиш, ер ва мулк муносабатлари, инфратузилма, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда экспорт фаолиятини ривожлантиришга оид мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан тадбиркорларнинг очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган махсус Штаб фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда очиқ мулоқотга сифатли таклифлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилиниб, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Учрашувлар давомида тадбиркорларнинг тизимли ва индивидуал муаммолари қабул қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича масъуллар белгиланди ҳамда ҳар бир мурожаат ижроси алоҳида назоратга олинди.