Форс кўрфазидаги Ҳормуз бўғози уч ойдан бери ёпиқ бўлиб тургани сабабли минглаб денгизчилар ва юзлаб кемалар ҳаракатсиз ҳолатда қолмоқда.
BBC маълумотларига кўра, АҚШ–Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ортидан Ҳормуз бўғозининг ёпилиши натижасида тахминан 20 минг денгизчи ва 1600 га яқин кема кўрфаз ҳудудида қамалиб қолган.
Покистонлик капитан Ҳасан Хоннинг айтишича, ташқи томондан вазият тинч кўринса-да, экипаж аъзолари доимий руҳий босим остида яшамоқда.
«Стресс бизни бир дақиқа ҳам тарк этмайди. Ҳамма жисмонан ҳам, руҳан ҳам чарчаган», — дейди у.
Яна бир капитан Шафиқул Ислом вазиятни шундай таърифлади:
«Гўёки ҳавзага тушиб қолгандекмиз. Чиқиш учун фақат битта йўл бор — Ҳормуз бўғози.»
Ҳормуз бўғози жаҳон энергетика бозори учун стратегик аҳамиятга эга. Дунёда экспорт қилинадиган нефть ва суюлтирилган газнинг катта қисми айнан шу сув йўли орқали ташилади.
Бўғоз ёпилганидан кейин кўплаб кемалар ҳаракатни тўхтатишга мажбур бўлди. Денгизчилар одатий иш тартибини сақлашга ҳаракат қилмоқда, аммо ракета ҳужумлари ва денгиз миналари хавфи туфайли руҳий босим кучайиб бормоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, агар бўғоз яқин вақт ичида қайта очилмаса, бу халқаро савдо занжирлари ва энергия таъминотига янада жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.