Эроннинг АҚШ билан музокаралар гуруҳи раҳбари Муҳаммад Боқир Ғолибоф бир томонлама келишувлар даври якунланганини билдирди.
Теҳроннинг АҚШ билан музокаралар гуруҳи раҳбари Муҳаммад Боқир Ғолибоф бир томонлама келишувлар даври тугаганини маълум қилди. Бу баёнот Хормуз бўғозидаги вазият сабаб Эрон ва АҚШ ўртасидаги таранглик кескин кучайган бир пайтда янгради.
«Бир томонлама келишувлар даври ТУГАДИ. Биз сизга айтган эдик: ё сўзингизда туринг, ёки қилмишингизга яраша жавоб беринг. Ҳақиқат эшик қоқмоқда», — деб ёзди Ғолибоф ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида. У айни пайтда Эрон парламенти раиси лавозимида ҳам фаолият юритади.
Сиёсатчи ўз постига 18 июнь куни имзоланган Исломобод англашув меморандумининг бешинчи моддаси тасвирини ҳам илова қилди. Ушбу банд Хормуз бўғозида кема қатновини қайта тиклаш шартларини белгилайди. Эълон қилинган ҳужжатда Эрон тегишли чоралар кўриши ҳақидаги жумла кўк ранг билан ажратиб кўрсатилган.
Ғолибофнинг баёноти Эрон томонидан ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида Форс кўрфазидаги қатор давлатларда жойлашган АҚШ ҳарбий базалари ва объектларига мувофиқлаштирилган зарбалар берилганидан кейин янгради. Бунга жавобан АҚШ жанубий Эрондаги радарлар, ракета позициялари ва дронларни учириш майдончаларига қарши ҳаво ва денгиз орқали учинчи тўлқин ҳужумларини амалга оширди.
Вашингтоннинг бу ҳаракатларидан аввал Эрон кучлари Хормуз бўғозидаги тижорат кемаларига ўқ узгани ҳақида хабарлар тарқалган, шундан сўнг Теҳрон алоҳида кўрсатмага қадар мазкур стратегик сув йўли ёпилганини эълон қилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, савдо кемаларидан бирига қилинган ҳужум оқибатида экипажнинг бир аъзоси бедарак йўқолган.