Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ҳаж ва Умра сафарларига рухсат берилдими? Ўзбекистон мусулмонлари идораси жавоб берди

Ҳаж ва Умра сафарларига рухсат берилдими? Ўзбекистон мусулмонлари идораси жавоб берди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони ҳукумати айрим талаблар асосида инсонларга Ҳаж сафари учун рухсат беришга қарор қилгани тўғрисида тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги Ҳаж ва Умра масалалари бўйича атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шу кунларга қадар, Саудия Арабистон ҳукумати Ҳаж ва Умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилгани йўқ.

«Таъкидлаш керакки, Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар ва хизмат кўрсатиш маркази ҳам айни кунларда ижтимоий тармоқларда Ҳаж мавсумини ўтказишга рухсат берилгани, унга хориждан 45 минг нафар зиёратчи қабул қилиниши ҳақидаги хабарларга раддия бериб, “Ҳаж – 2021” мавсумини ташкил қилиш ва четдан ҳожилар қабул қилишга доир ҳукумат қарори кейинроқ эълон қилинишини маълум қилди», — дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси (GACA) саёҳат ва бошқа мақсадларда мамлакатга ташриф буюрувчи чет элликлар (кириш тўхтатилмаган мамлакатлардан келганлар) учун тиббий-санитар ва эпидемиологик шартлар тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқарган. Унга кўра, мамлакатга киришда ҳар бир чет эл йўловчисидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидан ўтган Pfizer/BioNTech (АҚШ—Хитой), Охфорд—AstraZeneca (Буюк Британия–Швеция), Moderna (АҚШ) вакциналарининг икки дозаси ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакцинасининг бир дозасини қабул қилганлик ҳақида махсус сертификат талаб қилинади.

Вакцина сертификатлари келаётган йўловчиларга эмлашни амалга оширган давлатнинг расмий соғлиқни сақлаш идоралари тасдиқлаши ва охирги дозани олиш муддати (икки дозали эмлашнинг иккинчи дозаси ёки битта дозали эмлашнинг биринчи дозаси) САПга саёҳат қилишдан 14 кундан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Ҳар бир вакцина сертификатлари подшоҳликнинг назорат пунктларида текширувдан ўтказилади.

«Юқоридаги каби талабларга жавоб бермайдиган йўловчилар белгиланган манзилга, жўнаб кетган жойларига қайтариб юборилади ва йўл харажатларини авиакомпания ўз зиммасига олади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик саёҳатчиларга Саудия Арабистонига кириш тақиқланишидан ташқари, қонуний мажбуриятларни ҳам юклайди. Изоляция бўйича кўрсатмалар ёки карантин қоидаларини бузган фуқаролар ва резидентлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади ва такрорий бузилган тақдирда, жазо икки баравар кўпайтирилади. Саудиялик бўлмаган қонунбузарлар подшоҳликдан депортация қилинади ва шахсга нисбатан жазо ижро этилгандан кейин уларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўйилади», — дея таъкидланади хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва Умра сафарларга оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда муборак сафарлар билан боғлиқ хабарларни расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз, март ойида ижтимоий тармоқларда 2021 йилги Ҳаж мавсумига рухсат берилгани, бунинг учун зиёратчилар эмланган бўлиши кераклиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу масалада Дин ишлари бўйича қўмита мурожаат билан чиқиб, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаганини маълум қилганди.

Киритилди: 18:16 01.06.2021. Ўқилди: 3686 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!