Солиқ ва бошқа мажбурий тўлов бўйича қарздорликларнинг ошиб кетиши давлат бюджетига ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Бугун ушбу тўловларни ўз вақтида тўлашни пайсалга солаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам йўқ эмас.
Бу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Ғузор туман бўлими томонидан олиб борилаётган ижро ҳаракатлари натижасида йил бошидан 48.2 млрд. сўм, декабрь ойининг биринчи 10 кунлигида 827 млн сўм. солиқ қарздорликлари давлат бюджетига ундирилди.
Бундан ташқари, ижро ҳаракатлари жараёнида тўловни амалга оширмаган қарздорларнинг мол-мулклари хатланмоқда. Жумладан, бўлим давлат ижрочилари қарздор “Висол шодиёна келажак зиё” хусусий корхонасининг солиқдан бўлган 22 млн. сўм қарздорлигини ундириш учун борганда, корхона раҳбари қарздорликни тўлашга имконсизлигини билдирган. Шунга кўра, давлат ижрочилари томонидан қарздорга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, корхонага тегишли тўйхона биноси хатлаб қўйилди. Мулки хатланганидан сўнг, корхона қарздорликни шу куннинг ўзидаёқ тўлиқ бартараф этди.
Солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аслиддин Мансуров - МИБ Ғузор туман бўлими давлат ижрочиси