Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

"Грин-кард" орзу қилганларга раҳмим келади

"Грин-кард" орзу қилганларга раҳмим келади

Бундан ўн уч йил аввал Green card соҳиби бўлиб АҚШга жўнадим. Бир ташкилотда транспорт бўлимида ишлардим. Офисимиз Нью-Йоркнинг Бруклинида жойлашган бўлиб, масжиддан 700-800 метр узоқда эди. Мен ҳар куни Аллоҳ қодир қилганча намозга қатнардим...

Қурбон ҳайити куни офисимизга яқин кушхонага фарзандимни ҳам олиб келиб биргаликда қурбонлик учун бир жонлиқ танлаб уни сўйдик. Гўштларини бўлакларга бўлиб, қора қалин елим халталарга солиб уйга олиб кетдик. Бу иш офисдаги ғайридинларга жуда қизиқ туюлди. 

“Жониворга раҳминг келмайдими?! Ёш болага нимани ўргатаяпсан? – деганлари ҳам бўлди. 

Хуллас, уларнинг аксарияти бу ишни хушламади.  Ходимларимиздан бири менга исломдан сўз очиб, бир неча сура ва оятларни ёддан ўқиб берди. Мен ҳайрон қолдим ва ўз навбатида хурсанд бўлдим. Ичимда “бирга масжидга борадиган ҳамроҳ топилди” – дедим-да, жума намозларига бирга боришни  таклиф қилдим.
Бир оз соқоли бор, кўринишидан мусулмон бу йигитнинг исми Фозил, фамилияси Қурбонов эди. 

Аммо у шу заҳоти; “Мен яҳудийман, яна яҳудийларнинг энг сараси – тоғлик яҳудийларданмиз. Биз бор йўғи бир неча минг кишимиз” - деди. 

Бу гапни эшитиб мен нима дейишни ҳам билмай қолдим. Шунда у гапида давом этиб: “Мен озарбайжонлик тоғ яҳудийсиман. Ёшлигимда мусулмонлар маҳалласида ўсдим, барча ўртоқларим қатори мен ҳам улар билан биргаликда масжидга бориб, уларни кузатардим. Ўзим алоҳида холи қолганимда жойнамоз устига туриб, саждага тикилиб узоқ вақт қотиб турардим ва ўртоқларим нимани ҳис қилишини билгим келарди. Улар билан юриб Қуръонни ўргандим, исломни танидим!  

Ислом энг туғри дин эканини биламан”,  деди.

Хўш нима сени ушлаб туради? - дедим. 

У: “Яҳудийларнинг энг сарасимиз ва биз танланганмиз, ғуруримиз йўл қўймайди”, деб сўзини якунлади.  

У менга ҳавас қилишини яширмади...  

Бир кун ишдан уйга қайтаётганимизда машинада кўпчилик эдик. Машинада ҳар хил динга мансублар, улар орасида динсизлари ҳам бор эди. 

Бир динсиз мен билан бир оз баҳслашган ҳам эди.  

Шунда Фозил орага кирди ва динсизга: “Сен барча динларни ақлинг билан ҳеч бирига ёндашувсиз ўргансанг, энг тўғри дин ислом эканини биласан”- дея маслаҳат берди. Ҳамма сукутда қолди...  

Аллоҳ қалбини муҳрлаб қўйса, ҳеч нарса ёрдам бермас экан! 

Аллоҳ қалбларимизни Қуръон ва иймон нури ила тўлдирсин!

Айтганча, АҚШда бир йилдан кўпроқ қолиб, катта хато эканини тушундим ва Ватанга қайтдим. "Greencard" орзу қилганларга раҳмим келади, АҚШга бориб яшашни хам тавсия қилмайман... Сабаби нима дейсизми? Буниси алоҳида ва узун мавзу...

Шерзод Сами

Манба: azon.uz

Киритилди: 23:04 24.01.2021. Ўқилди: 6413 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!