Бугун 4 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

"Ғирт ёлғон, туҳмат": Соғлиқни сақлаш вазирлиги видеотасвир юзасидан баёнот берди

"Ғирт ёлғон, туҳмат": Соғлиқни сақлаш вазирлиги видеотасвир юзасидан баёнот берди

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси фейсбук ижтимоий тармоғида Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва вилоят соғлиқни сақлаш тизими фаолияти бўйича туҳмат ва бўҳтонлар ёғдириш мақсадида тарқатилган видеотасвир юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг марказий шифохона ҳудудидаги “А” блогида  ташкил этилган госпиталда айни пайтда 120 нафар бемор даволанмоқда. Шуларнинг 9 нафари соғайиб, ўз уйларига жавоб берилган. Ўзини блогер деб таништирган фуқаро фейсбук ижтимоий тармоғи орқали тарқатган видеоролигида госпиталдаги аҳволни нотўғри талқин этади.

Шу ўринда таъкидлаймизки, ушбу видеороликдаги барча фикрлар, шулар қаторида касалхонада тиббиёт автоуловлари йўқлиги, бундан ташқари, – “ўлсанг ўлиб кетавермайсанми”, “Чирчиқ шаҳрида машина йўқ экан гўёки”, деган фикрлар мутлақо нотўғри.

Айтиш ўринлики, Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси авж палласида бўлган бир пайтда тиббиёт ходимлари якдиллик билан кураш олиб бормоқда. Уларнинг жасорати алоҳида эътирофга лойиқ. Хизмат вазифасини бажариш даврида коронавирус юқтириб вафот этаётган шифокорларимиз ҳам бор.

Шунингдек, ўз ҳаётини хатарга қўйиб ўта оғир масъулиятли вазифани бажараётган тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳар қандай мақтовга лойиқ. Афсуски, ана шундай фидойи шифокорларга раҳмат айтиш ўрнига айрим блогерлик номи остида иш олиб бораётган фуқаролар томонидан саводсизларча туҳмат, ҳақоратлар ёғдириш ҳолатлари учраяпти.

Айниқса, коронавирусга чалинган минглаб халқимизни даволаб, оиласи бағрига қайтараётган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини “чириган” дея ҳақорат қилишга ҳақи борми?  Бу сўзлар учун муаллиф қонун олдида жавоб бериш керак эмасми?      

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали ишлаб келаётган, тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Содиқович Арзиқуловга нисбатан ҳақоратли “ярамас” сўзини ишлатилишини қандай баҳолаш мумкин?! Бундай сўзни ишлатишга шу кимсанинг ҳақи ва асоси борми аслида? Яна бошқарма бошлиғининг айби билан 3 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида оксигениратор бермаганлиги сабабли ўлган дея туҳмат қилинган.

2020 йил 9 август куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Юлдашеванинг сўзлари асоссиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, далиллар билан тўла асосланган ҳолда “Kun.uz” сайти мухбирига тақдим этилди ва мақола ижтимоий тармоқларда кенг эълон қилинди.

Шундай бўлишига қарамасдан Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизими, пандемияга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари меҳнатига қарата туҳматлар уюштириш давом этяпти. Бу қачонгача давом этаркин? Мана шундай фуқаролар томонидан ўзини блогер сифатида иш тутишлари, нотўғри маълумотлар тарқатишлари, албатта, бу билан улар блогерлик номига доғ туширмаяптимикан?

Киритилди: 23:21 12.08.2020. Ўқилди: 6400 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!