Бундестаг 2026 йилда депутатларга тўланадиган тўловларнинг режали оширилишидан воз кечади, деб ёзади dpa агентлиги. Унинг маълумотларига кўра, бу ҳақдаги қонун лойиҳаси парламентнинг 11 июнга белгиланган йиғилиши кун тартибига киритилган. Бу қарор ташаббускорлари сифатида ҳукмрон ХДИ/ХCИ (Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқ) ва СДПГ (Германия социал-демократик партияси) фракциялари чиқди. Шу тариқа, улар сайловчиларга мураккаб молиявий-иқтисодий вазиятда тежамкорликка тайёр эканликларини намойиш этмоқчи.
Ҳукмрон фракциялар бюджет босими шароитида депутатлар ҳам тежамкорликка "ўз ҳиссаларини қўшишлари" кераклигини таъкидламоқдалар.
Маошлар оширилишига, шунингдек, мухолифатдаги партиялар — "яшиллар", "Германия учун муқобил" ва Сўл партия ҳам қарши чиқмоқда. Шу тариқа, мазкур масала кенг сиёсий қўллаб-қувватловга эга бўлди.
Бундан олдин барча 630 нафар депутатнинг маоши ойига деярли 500 еврога ошиб, 12 330 еврога етиши кўзда тутилган эди. Бу ўсиш Германиядаги иш ҳақининг ошиши асосида автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади. YouGov сўровномаси маълумотларига кўра, Германия аҳолисининг 85 фоизи ҳам депутатлик тўловлари оширилишига қарши чиқмоқда.