Германияда Янги йил арафасида салют отиш қисман тақиқланади, хавфсизлик органлари зўравонлик ва тартибсизликларга қарши курашади. Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Янги йил барча фуқаролар учун тинч ва қувноқ байрам бўлиши керак, шунинг учун "тартибсизликка ўрин қолдирмасдан" ҳар қандай зўравонликка тезда қарши туриш керак.
"Федерал полиция поездлар вокзалларида текширувлар ўтказмоқда ва керак бўлганда пиротехника ва хавфли буюмлардан фойдаланишга тақиқ жорий қилди", - дея қўшимча қилди Фезер.
У икки йил аввал Берлин ва Германиянинг бошқа шаҳарларида содир бўлганидек, полиция ходимларига қилинган ҳужумлар мавзусида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, буни қилганлар қонуннинг тўлиқ қатъийлигини ҳис қилишлари керак.
“Бизнинг хавфсизлик органларимиз вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда, бу айниқса Магдебургдаги даҳшатли терактдан кейин муҳим аҳамиятга эга”, деди вазир.
2023 йилда Берлинда байрамона пиротехника учирилиши натижасида 22 киши жабрланган. Бундан ташқари, Янги йил арафасида Германия пойтахтида фавқулодда вазиятлар ходимларига ҳужум қилишнинг 38 та ҳолати қайд этилган, унда 15 ходим жароҳатланган.