Германияда ҳарбий хизматдан бош тортиш бўйича аризалар сони кескин кўпайган. Funke медиагуруҳи маълумотларига кўра, 2026 йил январь ойидан август охирига қадар Федерал Оила ва Фуқаролик Жамияти Масалалари Бўлимига 12 102 та ариза келиб тушган.
Бу кўрсаткич 2025 йил давомида қайд этилган 3 879 та аризадан уч баравардан кўп.
Шу билан бирга, идора аризаларни кўриб чиқиш жараёнида жиддий муаммолар мавжудлигини билдирган. Идора вакилига кўра, кўплаб аризалар нотўғри манзилга юборилган бўлиб, уларни кўриб чиқмасдан қайтаришга тўғри келмоқда.
Аризалар сонининг кескин ўсиши Германияда хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг мураккаблашиши ҳамда Бундесверда ҳарбий хизматга чақирув тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун билан боғлиқ. Қонун 2026 йил 1 январдан кучга кирган.
Янги тартибга кўра, 2026 йилдан бошлаб 18 ёшга тўлган йигитлар Германия Қуролли Кучларида хизмат қилишга тайёрлиги ҳақида махсус анкета тўлдириши керак. Шу билан бирга, улар ҳарбий хизматдан олдиндан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Германияда 2011 йилда тўхтатилган мажбурий ҳарбий хизматни қисман қайта жорий этиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Агар армия учун зарур бўлган кўнгиллилар сонига эришилмаса, «зарурат асосида ҳарбий мажбурият» механизмини ишга тушириш режалаштирилган.
Германия ҳукумати 2035 йилга қадар мамлакат Қуролли Кучларидаги амалдаги ҳарбий хизматчилар сонини 186 минг нафардан 260 минг нафарга етказишни мақсад қилган.